Ўзбекистон | 23:32 / 23.04.2020
52257
10 дақиқада ўқилади

Чорва моллари орасида оқсил касаллиги тарқалмоқда. Эмлаш етарли бўлмагани қанчалик ҳақиқат? – Мутахассис билан суҳбат

Шу кунларда таҳририятимизга чорва моллари орасида оқсил (оқсим) касаллиги бошлангани ва у тез суръатларда кўпаяётгани борасида мурожаатлар етиб келмоқда.

Биз бундай мурожаатларни Самарқанд ва Андижон вилоятида яшовчи фуқаролардан бир неча марта қабул қилдик. Мурожаатчиларнинг айтишича, касаллик туфайли чорва ҳайвонлари тез-тез нобуд бўлмоқда. Касаллик айниқса ёш бузоқларда жуда оғир кечяпти.

Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси маъсул ҳисобланади. Биз қўмитанинг бу маълумотлардан қанчалик хабардор экани ва вирусга қарши қандай ишлар қилаётгани билан қизиқдик.

Саволларимизга қўмитанинг Чорва ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ҳабибула Ҳамдамов жавоб берди.

— Ҳабибулла ака, бизга ҳудудларда чорва ҳайвонлари орасида оқсил касаллиги тезкорлик билан тарқалаётгани борасида ташвишли хабарлар етиб келмоқда.

Дастлаб оқсил касаллиги қандай касаллик экани борасида маълумот бера оласизми?

­— Саволингиз учун раҳмат. Интервьюмиз жуда вақтида бўлди. Чунки ҳозир баҳорнинг ўрта вақти ва бу вақтда айниқса қишдан чиққан ҳайвонларимиз кўпинча А витаминоз ҳолатида, етарли миқдорда боқилмагани, озуқа моддалари етарли бўлмаганидан турли хил касалликларга мойил бўлиб қолади.

Ва шу даврда уларнинг турли хил инфекцион касалликларининг олдин олиш масаласи долзарб бўлиб қолади. Айнан шу баҳор ойларида турли инфекцион касалликларнинг кўпайиши тез-тез учраб туради. Лекин бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз, оқсил касаллиги бу жуда ўткир кечувчи ва ўта тез тарқалувчи инфекцион вирус касаллиги бўлиб, жуфт туёқли қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, ундан ташқари ёввойи ҳайвонларни ҳам зарарлайди.

Бутун дунёда бу касаллик жуда қаттиқ назоратда. Ўзбекистонда ўта юқумли ва катта талафот келтирадиган юқумли касалликларни давлат бюджетидан эмлаш (вакцинация ўтказиш) ҳамда профилактик ва диагностик тадбирларни олиб бориш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори бор.

Оқсил касаллигига келсак, ушбу вакцинация тадбирлар бир йилда икки марта олиб борилади. Асосий мақсад – қорамоллар ва майда шохли молларнинг камида 70-80 фоизини вакцинация қилиб чиқиш. Чорва моллари 70-80 фоиз вакцинация қилинган тақдирда ушбу касалликнинг келиб чиқишини  ва жуда кучли тарзда тарқалишининг олдини олишимиз мумкин.

— Вирус, касаллик ҳақида маълумот бердингиз. Одамларда шундай эътироз бўляптики, авваллари чорва ҳайвонлари ёппасига эмланарди, шу туфайли касаллик енгил ўтарди, лекин ҳозир бундай эмлашлар сони жуда ҳам қисқариб кетган. Одамлар молларини ўз ёнидан пул тўлаб эмласа эмлайди, бўлмаса эмланмай қолиб кетаверади. Касалликнинг кўпаяётгани, чорва молларининг нобуд бўлаётганига сабаб – мана шу дейишмоқда. Сиз маълумотингизда айтяпсизки, давлат бюджетидан бунга жуда катта маблағ сарфланади, бепул эмлаш керак деб. Нимага жойларда эмлаш бепул ўтказилмаяпти, ёки эмлашсиз қолиб кетяпти?

— Ўзбекистон ҳудуди жуда катта ва турли ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Бу ерда инсон омилини ҳам инобатга олишимиз керак. Чунки Ўзбекистонда 13 миллионга яқин қорамоллар мавжуд бўлса, уларнинг 90 фоиздан ортиқроғи майда деҳқон хўжалиги шароитида боқиб келинмоқда.

Ўзингиз кўриб турибсиз, ўрта миқдорда 2,5-3 бош қорамол сақланадиган ҳар бир хўжаликка ташриф буюриб, вакцина қилиш – жуда қийин жараён ва ҳар бир ветеринария мутахассисга бу  ҳар ойда 2,5-3 мингта юклама дегани.

— Уларнинг айтиши бўйича, эмланишсиз қолиб кетиш ҳолатлари муттасил йиллар давомида давом этиб келаётган экан.

— Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳар бир ҳудуд ўзининг ветеринария участкаси қарамоғига киритилган. Битта ветеринария участкасига ўртача 3-4 мингта қорамол кирса, 3-4 мингта қорамолга ўртача миқдорда 2-3 та ветеринария мутахассиси доимий равишда фаолият олиб боради ва ушбу ветеринария участкаларида мунтазам равишда вилоят ветеринария бошқармалари томонидан вакциналар етказилади.

Оқсил касаллигига тўхтасак, бу ерда бир нарсани эътиборга олиш керак, оқсил касаллигига иммунитет организмда олти ойгача ушланиб туради. Шу сабабли давлат ветеринария тизими ҳар йили икки маротаба вакцинация тадбирларини олиб боришга мажбур.

Кўриб турибсиз, бу ҳар бир ветеринария мутахассисига жуда катта юклама тўғри келади. Кўпчилик ҳолларда ветеринария врачи аҳоли пунктига ташриф буюрганда 50 фоиз қорамолларни вакцинация қилса, қолган 50 фоизи даштда, подада бўлиб туради. Яна қайтиб келиши учун ветеринария мутахассиси катта масофани босиб келиши керак.

— Оқсилни жуда хавфли дедингиз. Бу шароитда шифокорлар етишмаётгани муаммоси сизларда йиллар давомида бор экан, нега ходимлар талабга қараб кўпайтирилмайди? Ахир, ходимларимиз кам деб муаммони айтаверган билан унга ечим изланмаса ҳам бўлмайди.

— Бу ерда биз бир нарсани аниқ қилишимиз керак. Ўзбекистон ҳудудида оқсил касаллигини учрашини ўзи ҳали исботланган эмас. Чунки оқсилга ўхшаш касалликлар учрагани билан лабораторияда ташхисида ўзининг тасдиғини топмади. Кўпинча ушбу касаллик қорамолларнинг камида 4-5 хил касаллиги билан ўхшаш ҳолатда ўтади. Уларнинг ичида бисфуляр стоматит, герпесга ўхшаш касалликлар, ринотрахит касаллиги бор. Шунинг учун ҳозирда олиб бориладиган лаборатория ташхисида оқсил касаллиги деб ўз тасдиғини топмаган. Яна бир нарсани айтиш керак: оқсил касаллигининг қачондир одамга ўтгани тўғрисида шундай маълумотлар бор, лекин одамга ўтиши жуда камдан кам ҳолатда. Айниқса Марказий Осиёда ушбу ҳолат адабиётларда ҳеч қачон қайд этилмаган. Яна бир марта айтмоқчиман: мунтазам равишда вакцинация олиб борилгани сабабли, ҳар йили 70-80 фоиз ҳайвонлар вакцинация қамрови билан олингани туфайли Ўзбекистонда ушбу касаллик хавфи жуда кам.

— Ҳозир бизга мурожаат қилаётган, суҳбатимизни кўраётган юртдошларимиз ўзининг чорва молида мана шу касаллик аломатларини сезса, кимга мурожаат қилиши керак ва даволаш қандай бўлади? Демак врач келиб, уни бепул даволаб бериши, сиз айтганингиз бўйича, бепул эмлаши керак, тўғрими?

— Ушбу касалликка эмлаш ишлари, эмламанинг ўзи давлат бюджети томонидан харид қилиниб, аҳолига текин тарзда етказилади ва вакцинация жараёнлари олиб борилади. Касалликка қарши эмлангандан кейин айтиб ўтганимдек, организмда иммунитет камида 5-6 ой сақланади. Лекин мана шу баҳорда турли хил визукуляр касалликлар тарқалгани сабабли ушбу касалликни даволаш ишлари албатта ветеринар врач томонидан олиб борилади. Бу ерда даволаш ишлари текинга олиб борилиши тўғрисида биз кўрсатма берганимиз йўқ. Кўпинча даволаш ишлари хусусий ветеринария врачлари ваколатига киради, хусусий тарзда олиб борилади.

— Бу касалликнинг аломатлари қандай бўлади? Аниқланганида қандай чоралар кўриш керак? Касал ҳайвонлар алоҳида, касалмаслари алоҳида қўйилиб, чорва ҳайвонларига ҳам алоҳида карантин тадбирлари қилинадими?

— Вирусли визикуляр касалликлар юқорида айтиб ўтганимдек, оқсилдан ташқари яна турли хил касалликлар учраши мумкин: вирусли ринотрахеит касаллиги, герпес касалликлари, визикуляр стоматит касалликлари. Уларнинг ҳаммаси ўзининг юқумли табиатига мувофиқ, ҳайвонда клиник белгилар кўринганида дарҳол ажратиб, алоҳида парвариш талаб этилади. Талаб этилган вақти жуда диққат билан ҳайвоннинг иштаҳаси пасайиши, тана ҳароратининг ошиши, оғиз, бурун бўшлиғида, туёқ орасида ўзига хос шишишлар, пуфакчалар пайдо бўлиши каби белгилар кузатилиши юқори айтиб ўтилган турли вирус касалликларида учрайди. Улар дарҳол ажратиб олиниб, участка ветеринария врачини таклиф этиш керак, олдини олиш ва даволаш ишларини жадал тарзда олиб бориш керак. Мабодо ушбу касалликка ўхшаш аломатлар учраган вақти лаборатория ташхиси тугагунига қадар ҳам зудлик билан ветеринария хизмати томонидан халқа вакцинация, яъни ўша ўчоқни атрофида ўн километр диаметр масофада зудлик билан ветеринария врачлари томонидан вакцинация ишлари олиб борилади. Ушбу ўчоқни ўраб олиш учун ҳар бир вилоятда доимий тарзда 100-150 минг доза вакцина сақланиб туради.

— Ҳозир республиканинг қайси ҳудудларида чорва ҳайвонларининг вирус билан зарарланиш ҳолатлари кўпайгани борасида сизларда аниқ таҳлиллар борми?

— Ҳар бир вилоят, ҳар бир туманда юқумли касалликлар бўйича алоҳида мутахассис ўз ишини амалга оширади. Уларнинг лавозимини номини эпистолог дейилади. Ҳар ҳафталик маълумот умумлаштирилиб, бизга етказилади. Ҳозирда ушбу касалликка ўхшаш, мавсумий характерга эга бўлиб, турли ҳудудларда учраб турибди.

— Қайси ҳудудларда?

— Сиз айтиб ўтганингиздек, Самарқанд, Андижон вилоятларида учрагани каби яна бу касалликлар тўғрисида хабарлар ушбу вилоятларга чегарадош ҳудудларда ҳам учраб турибди. Лекин ҳозир жуда жадал тарзда ташхис ишлари олиб борилмоқда ва келаси ҳафтагача охирги ташхис қўйилиши керак. Касалликни қўзғатувчи агентини топишимиз керак.

Маълумот учун, чорва ҳайвонларини хавфли касалликларга қарши эмлаш мутлақо бепул амалга оширилади. Агарда ҳудудингиздаги ветеринар шифокор сиздан эмлаш воситалари учун пул талаб қилса, Қўмитанинг қуйидаги ишонч телефонларига қўнғироқ қилишингиз мумкин:

+(998 71) 202-12-00 (#201)

+(998 71) 276-01-18

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид