Ўзбекистон | 08:10 / 23.04.2020
32157
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи давомида стратегик шериклик тўғрисида декларация имзоланади

Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавровнинг телефон мулоқоти бўлиб ўтди

Фото: sputniknews

2020 йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Россия Федерацияси ташқи сиёсат идораси раҳбари Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

ТИВ хабарига кўра, вазирлар икки томонлама муносабатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси президентининг режалаштирилган муддатда Россия Федерациясига амалга оширадиган давлат ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар олий даражадаги тадбир кун тартибини шакллантириш ҳамда икки томонлама ҳужжатларни келишиш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Ташриф якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муҳимлиги таъкидланди.

Мамлакатнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари дунёдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдилар. Касалликнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалаларида яқин ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид