Жамият | 19:20 / 23.04.2020
14449
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда карантин вақтида бузилаётган уй эгасига компенсация берилган, ер участкаси ажратилган — МИБ

23 апрель куни ижтимоий тармоқларда «Ёрдам беринглар, ҳовлимизни бузишяпти. Пулимизни ҳам бермасдан бузишяпти» сарлавҳаси остида видеолавҳа эълон қилинган.

Унда Самарқанд туманининг «Қўштамғали» маҳалласида истиқомат қилувчи Қ.Аҳадов ўзига тегишли бўлган ҳовли Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан карантин чоғида бузиб ташланаётганидан шикоят қилган.

Мазкур масала бўйича Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасининг расмий муносабати эълон қилинди.

Унда айтилишича, Самарқанд вилоят фаолларининг 2019 йил 26 июлда ўтказилган мажлисида белгиланган вазифаларга мувофиқ, Самарқанд тумани худудидаги «Эшкак эшиш канали» ва унга туташ ҳудудда «Самарқанд туристик мажмуаси» ташкил этиш, туристик маршрутдаги йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, йўл атрофида инфраструктура қурилиш ишлари амалга оширилиши муносабати билан тумандаги «Қозиариқ», «Жўйисой» ва «Қўштамғали» МФЙлардаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бир қатор турар ҳамда нотурар биноларни қонунда белгиланган тартибда бузиб, эвазига уларнинг эгаларига товон пуллари тўлаб бериш ишлари амалга оширилган.

Шулар қаторида, Қ.Аҳадовга тегишли, «Қўштамғали» маҳалласида жойлашган уй-жойининг бир қисми учун товон пули берилиши ва бошқа жойдан ер майдони ажратилиши белгиланган.

Бироқ Қ.Аҳадов асоссиз равишда қонун талабларини бажаришдан бош тортганлиги сабабли даъвогар — Самарқанд туман ҳокимлиги томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг 2020 йил 17 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар Аҳадов Қодир Қудратовичга тегишли, Самарқанд туманининг «Қўштамғали» маҳалласида жойлашган ҳовлисининг 49 фоизи, яъни умумий ер майдони 571, 51 кв.м, қурилиш ости майдонининг 459,06 кв.м.дан иборат уй-жойларини бузиш, жавобгарни оила аъзоларини бузишга тушган уй-жойдан чиқариш, бузиш ишларини жавобгар Қ.Аҳадов ҳисобидан амалга ошириш белгиланган.

Шунингдек, суд ажримига биноан, бузиш ишлари Қ.Аҳадовга 618 млн. 80 минг 75 сўм миқдордаги товон пуллари тўланганидан сўнг амалга оширилиши, бузишдан чиққан қурилиш моллари даъвогарда қолдирилиши ҳамда Самарқанд туман ҳокимлиги зиммасига жавобгарга шу ҳудуддан 572 кв.м.дан кам бўлмаган ер майдони ажратиш мажбурияти юклатилган.

Суднинг мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Самарқанд туман бўлими иш юритувига 2020 йил 2 апрелда келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.

Белгиланган тартибга кўра, ижро ҳужжати нусхаси 2020 йил 6 апрелда «қарздор» Қ.Аҳадовга танишиш учун топширилиб, у суд қарори ижросини қонунда кўзда тутилган 15 кунлик муддатда ихтиёрий равишда таъминлаш лозимлиги тўғрисида расман огоҳлантирилган.

Самарқанд туман ҳокимининг 2020 йил 18 апрелдаги 642-К-сонли қарори билан, «қарздор» Қ.Аҳадовга бузилишига тушган уй-жойининг бузилиши кўзда тутилган қисми эвазига, якка тартибда уй-жой қуриш учун товон тариқасида Самарқанд туманининг «Конигилагротехсервис» агрофирмаси ер харитаси 274 контуридан жами 600 кв.м майдондаги ер участкаси ажратиб берилган.

«Қарздор» Қ.Аҳадовга тегишли уй-жойнинг бузилишга тушган қисми бўйича тўланиши лозим бўлган 618 млн. 80 минг 75 сўм миқдордаги товон пуллари 2020 йил 20 апрелда Самарқанд туман ҳокимлиги томонидан Бюронинг Самарқанд туман бўлими депозит ҳисоб рақамига ўтказиб берилган ва шу кундан «қарздор» ушбу пулларни олиб кетиши ҳақида бир неча марта огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, товон пулларини олишдан бош тортиб келган.  

2020 йил 22 апрелда «қарздор» Қ.Аҳадовнинг аризасига асосан товон пули тариқасида Бюронинг депозит ҳисоб рақамида сақланиб келинаётган 618 млн. 80 минг 75 сўм миқдордаги маблағлар унинг «Савдогарбанк» Улуғбек филиалида очилган шахсий ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказиб берилган. 

«Суд қарорида кўрсатилган қарздор олдидаги барча мажбуриятлар бажарилгандан сўнг ҳам «қарздор» Қ.Аҳадов томонидан суд қарори берилган ихтиёрий муддатда ижро қилинмаганлиги сабабли, суд қарори ижроси мажбурий тартибда таъминланиб, юқорида кўрсатилган уй-жой мутахассислар иштирокида бузилган, — дейилади МИБ муносабатида. 

Мавзуга оид