Жамият | 08:36 / 23.04.2020
3980
3 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади

Хоразм вилоятида бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан келгусида самарали фойдаланиш чора-тадбирлари қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятида бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан келгусида самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Хоразм вилоятида бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан келгусида самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Қуйидагилар:

ўрнатилган тартибда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари белгиланган ҳолда бошланғич нархи 1 сўмга тенг қийматда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончасида сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати;

тўғридан-тўғри шартнома тузиш асосида инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларини бажариш шарти билан “ноль” харид қийматида сотиладиган давлат мулки объектларининг рўйхати;

кичик саноат зонаси ташкил қилинадиган ишлаб чиқариш майдонлари рўйхати тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

кўрсатилган объектларни савдога чиқариш жадвали тасдиқланишини;

кўрсатилган объектлар бўйича инвесторлар билан олди-сотди шартномалари тузилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда:

кўрсатилган ишлаб чиқариш майдонларини “Хоразм кичик саноат зоналари дирекцияси” ДУК балансига ўтказиб, лотларга ажратган ҳолда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончасига чиқарилишини;

ушбу ишлаб чиқариш майдонларини сотишдан тушган пул маблағларини фақат мазкур ҳудудлардаги инфраструктурани ривожлантиришга йўналтирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси кўрсатилган ишлаб чиқариш майдонларини “Хоразм кичик саноат зоналари дирекцияси” ДУК балансига ўтказишда солиқдан озод этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасига икки қаватли бино қуриб берганлиги сабабли Хоразм вилояти, Урганч тумани, Муқумий кўчаси 2-тор кўчасида жойлашган икки қаватли бино “Саёт қурилиш” МЧЖга бепул берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид