Технология | 08:33 / 24.04.2020
2866
2 дақиқада ўқилади

SpaceX астрономлар учун ўз сунъий йўлдошлари ёрқинлигини камайтирадиган бўлди 

SpaceX компаниясининг Starlink сунъий йўлдошлари улардаги қуёш панеллари нурни жадал қайтариши сабабли тунги осмонда жуда ёрқин кўринмоқда. Бу эса астрономларга кузатувлар олиб боришда тўсқинлик қилмоқда.

Фото: IAU

Кўплаб астрономлар Starlink сунъий йўлдошларининг ҳаддан зиёд ёрқинлигидан шикоят қилишни бошлашгач, Илон Маск компанияси қурилмаларни оз билинадиган қилишга ваъда берган. Бу ҳақда Tech Crunch нашри ёзди.

Маскнинг таъкидлашича, SpaceX қурилмалардаги қуёш панеллари бурчакларини камроқ нур қайтарадиган қилиб ўзгартиради. Кейинроқ сунъий йўлдошларнинг бир қисми юқорироқ орбиталарга ўтиб, қуёш панелларини Қуёш томон буради.

“Бу уларни оддий кўз учун камроқ билинадиган қилади, бироқ шу билан бирга олисдаги объектларни кузатишга халақит қилувчи ёруғлик ифлосланишини ҳосил қилади”, деб огоҳлантирилган компанияда.

Кейинроқ қурилмалар қайтарилувчи нур жадаллигини камайтирувчи соябонлар билан жиҳозланади.  

Куни-кеча SpaceX навбатдаги 60 та сунъий йўлдошини орбитага чиқарди. Шундан кейин уларнинг умумий сони 422 тага етди.

Starlink глобал сунъий йўлдош алоқа тизими бўлиб, компания ҳужжатларида кўрсатилишича, тизим учун 12 мингдан 42 минггача сунъий йўлдош талаб этилади. Компания режаларига кўра, 2020 йилда Starlink сунъий йўлдош интернетидан АҚШ ва Канадада, 2021 йилда эса бутун дунёда фойдаланиш мумкин бўлади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид