Ўзбекистон | 09:42 / 24.04.2020
84117
10 дақиқада ўқилади

Томорқачиликда қандай янгиликлар керак? 90-йилларда Ўзбекистонни инқироздан сақлаб қолган қарор ҳақида

Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб собиқ совет давлати инқирозга учради — 15 республика учун ягона «тана» вазифасини ўтаган улкан мамлакат деярли бир лаҳзада парчаланиб кетди. Иқтисодий алоқалар узилиши натижасида мустақил янги давлатлар, халқлар ўта қийин аҳволда қолди.

Мустақил бўлиб, қийин вазиятга тушиб қолган ҳар бир мамлакат ўшанда ўз ички имкониятларини ишга солиб, иқтисодий инқироздан чиқиб кетишга бел боғлайди.

Ҳамма ҳам билмаса керак: аҳолисининг катта қисми қишлоқларда яшайдиган Ўзбекистонни ўша пайтда шиддатли тус ола бошлаган ижтимоий-иқтисодий инқироздан бир қарор — қишлоқ аҳолисига ер участкалари ажратиш сақлаб қолган эди.

Зеро бу тадбир минглаб қишлоқ оилаларини қийин ҳолатда иш билан банд қилди. Ажратилган 6–12 сотих ер оилаларни гарчи бой қилиб юбормаган бўлса-да, улар учун иқтисодий тиргак — далда бўлди.

Аммо бу ҳаммаси эмас.

Ер берилган минглаб оилалар юритган иқтисодий фаолият кичик бўлса-да, пировардида мамлакатнинг иқтисодий аҳволини яхшилади, чунки кўпчиликнинг меҳнати ўлароқ юзага келган маҳсулот:

  • жамлаганда каттагина ҳажмни ташкил қилди;
  • ички бозорни таъминлади;
  • экспорт қилина бошланди (экспортни аксар якка тадбиркорлар амалга оширди, давлат аралашмади);
  • давлатни озиқ-овқат хавфсизлигидек улкан, оғриқли, серхаражат муаммони ҳал қилишдан салкам халос этди;
  • қаҳатчилик ҳолатида юзага келган ижтимоий тарангликни юмшатди;
  • қишлоқ оилалари бир қанча иқтисодий муаммоларини ўзлари ҳал қилишига омил бўлди;
  • инқироз пайтида омма — халқни моддий қўллашдек давлатнинг гарданидаги тезкор чораларнинг катта миқёсда ўрнини босди.

Буларга кўп нарса билан эмас, шунчаки иқтисодий фаоллик омилидан одамлар қўлига жиндек бериш ва соҳага маъмурий аралашмаслик билан эришилди.

Аммо, кейинчалик...

Томорқачилик соҳасини ривожлантириш оилаларга ер бериш билан тугади, десак, тўғрисини айтган бўламиз. Аксинча, соҳани ривожлантириш ўрнига томорқачи (бунга ижарага ер олиб экин экадиган тоифани ҳам қўшамиз) ҳаёти муттасил синовларга дучор қилинди. Қандай қилиб?

Аввало томорқачилар фаолияти мутлақо мониторинг қилинмади, гўё бу соҳа мавжуд эмасдек. Яъни томорқаси билан тирикчилик қилаётган оилаларнинг аҳволи, қандай муаммоларга дуч келаётгани ва пировардида уларнинг фаолиятига кўмак бериш учун қандай чоралар кераклиги ўрганилмади.

Натижа нима бўлди?

Мутлақо қаровсиз қолган соҳа муаммолари камайиш ўрнига, кўпайиб бораверди. Ва бунда энг катта муаммолардан бири бу — етиштирилган маҳсулот пишиб етди деган пайтда қўққисдан чегаралар экспорт учун ёпилиб қолиши, яъни деҳқонлар етиштирган маҳсулотни йиғиб, чет элга экспорт қилувчи тадбиркорларнинг йўли ёпилиб қолиши эди. Бир йил бўлмаса иккинчи йили шу ҳол такрорланиб турди.

Яъни мамлакат бўйлаб томорқачи ва ижарачилар етиштираётган маҳсулот ҳажми, тури, кўлами ҳисобга олинмагани ҳолда «ички бозорни ҳимоя этиш» важи билан маҳсулотни четга чиқариш йўллари кўр-кўрона, дабдурустдан, ўрганишсиз ёпиб қўйилаверди. Йўл ёпилган йили минглаб қишлоқ оилалари меҳнати ва харажатига куйиб қолаверди. Айнан шу иш юз берган фаслларда кўплаб томорқачи ва ижарага ер олиб экин экканлар учун «қора йил» бўларди.

Бунга етиштирилаётган экинларни суғориш билан боғлиқ муаммоларни ҳам қўшиш мумкин.

Шундай қилиб, минглаб тонна маҳсулот тақдири уни етиштиришга зиғирча ҳисса қўшмаган мансабдорларнинг ўз ишига совуққонлиги, нопрофессионаллиги, деҳқон меҳнатига беписандлиги гаровида эди.

Аммо бу ҳақда деҳқонларнинг ўзи ва мева-сабзавотни четга экспорт қилувчи тадбиркорлардан бошқа ҳеч ким билмасди. Тасаввур қилинг, юртда етиштирилган минглаб тонна маҳсулот нобуд бўляпти-ю, бу ҳақда омма билмайди, билганлар ҳеч нарса қилолмайди, ОАВ «чурқ» этмайди.

Натижада минглаб оилаларнинг иқтисодий аҳволи олдинга эмас, ортга қараб кетди, «бири икки бўлмади», фаолиятини ривожлантира олмади. Давлатнинг кучи ва маблағи деярли сарфланмасдан юриб кетган, давлатдан техника, ўғит, уруғ олмаган, минглаб оилаларнинг иқтисодий суянчиғи бўлган соҳанинг ривожига билиб-билмай сунъий тўсиқлар қўйилди.

Шундай ҳолатда ҳам томорқачилик яшаб келди, бозорларни таъминлади, аммо кишилардаги экин экишга бўлган қизиқиш мудом ғалвирдан ўтказиб келинди.

Бу ҳолат қишлоқдан содир бўлган меҳнат миграциясининг кўпайиб кетишига сабаблардан бир сабаб бўлди. Зўрға йиққанини сарфлаб, экин қилган томорқачи ва ижарачи икки йилнинг бирида куйиб қолаверганидан, уларда ерда ишлаш истаги сусайди, меҳнат мигранти бўлишни афзал билди.

Мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида қишлоқ аҳолиси ўз томорқаларида қайсидир қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотини етиштиришга ихтисослашган. Иқлим, шароит, шаклланган одат бунга омил бўлган.

Масалан, Сурхондарёда баъзи ҳудудлар эртачи пиёз ва картошка етиштиришга ихтисослашган. Айнан шу икки — тез бузиладиган эртачи маҳсулот пишиб етилган пайт — муҳим пайт. Чунки шу пайтда маҳсулот экспорт қилинмаса, экспортчи тадбиркорларнинг фаолиятига тўсиқ қўйилса маҳсулот сотилмай қолади ва ўша ҳудуд аҳолиси сал кам ёппасига «банкрот бўлади» — пули ва меҳнатига куйиб қолади.

Айнан шу нарса кўп марта такрорланди. Шунинг учун бундай ҳудудларда деҳқончилик қилиш ғирт таваккалчиликка — кейинги йилни режа қилиб бўлмайдиган машғулотга айланди. 

Бугунги кун

Электрон ОАВ фаолияти жонланиши, сўз эркинлиги сабаб бошқа соҳалар қаторида бу соҳанинг муаммолари ҳақида ҳам гапириш мумкин бўлди. Муаммолар ошкор қилиниши ўлароқ ечимлар ҳақида бош қотириляпти. Бироқ қишлоқларда аҳвол ўша-ўша:

  • томорқачига экин экмагани учун жазо чоралари қўллашдан бошқа ҳеч бир янгилик юз бермади;
  • муаммоларни ўрганиш, баъзи туманларда кишилар томорқаларини ташлаб қўйгани сабабини аниқлаш йўқ;
  • ҳолатни ўрганишни ҳокимликларга топшириш эмас, балки бунга нодавлат ташкилотларини жалб қилиш кераклигини англамадик;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш соҳасига маҳаллий ҳокимликларнинг аралашувига барҳам бермадик.

Нима қилиш керак?

Ер соҳаси истиқболи мансабдорларга назорат қилиш ҳуқуқини кўпроқ беришда эмас, балки аксинча, маъмурий аралашувлардан халос этиш ҳамда йўлларни очиш, одамларга имкон бериш, соҳа муаммоларини ҳал қилиш учун эса давлат эмас, балки, илғор давлатлардаги каби, нодавлат ташкилотларни жалб қилишда эканини англамоқ лозим.

Қишлоқ одамлари дангаса эмас, фақатгина маъмурий аралашув натижасида кўрилган зарарлар уларнинг ҳафсаласини пир қилиб келди — экспорт учун қўққисдан ёпилган йўллар, натижада бир зумда тушиб кетган нархлар, увол бўлган тонналаб меҳнат маҳсули уларнинг шижоатини сўндирди. Шунинг учун:

  • мева-сабзавот экспорти соҳасини максимал даражада либераллаштириш, соҳани монополияга қарши курашувчи ташкилотлар назорати остида тутиб туриш (соҳани монополлаштиришга йўл қўймаслик);
  • томорқачиларга субсидиялар бериш (бу борада иш бошланди, аммо унинг механизмлари ва субсидияларга ажратилган маблағ ҳажмини қайта ўйлаб кўриш керак);
  • ерни тўғри истифода этиш, емирилишдан асраш, сувни тўғри ишлатиш бўйича илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқиш ва татбиқ этиш, ва бунда мазкур ишни ҳам давлат идоралари, ҳокимиятларга эмас, балки нодавлат ташкилотлари измига топшириш (ҳокимиятлар бундай ишлар билан кўп марта шуғулланди, аммо натижа бўлмади, буни тан олиш керак);
  • томорқаларда иссиқхоналар яратиш учун комплекс қулайликлар яратиш ва буни ҳам маҳаллий ҳокимликларга топшириш эмас, балки деҳқон ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигини асос қилиб олиш;
  • томорқачилик кўламини кенгайтириш (90-йилларда оилаларга ажратилган томорқаларнинг аксари аллақачон бу давр ичида улғайган фарзандларга оила бошлиқлари томонидан бўлиб берилган ва бу жойларда уйлар қурилган — янги оилалар умргузаронлик қилишяпти, ўз навбатида, улар ҳам ўз фарзандларини катта қилишяпти);
  • қишлоқ оилаларини иқтисодий фаолликка жалб қилиш учун амалдаги фермерчиликка муқобил тарзда янги формацияни — кичик ер хўжаликлари синфини юзага келтириш (бу билан ижтимоий адолат ҳам қарор топади);
  • аҳолиси зич бўлган ҳудудларда энг аввало аҳолини иқтисодий фаолликка йўналтиришни устувор мақсад қилиб, мавжуд фермерчиликни трансформация қилиш лозим.       

90-йилларда СССР парчаланиши оқибатида воқеликка айланаёзган гуманитар инқироздан Ўзбекистонни биргина қарор — минглаб қишлоқ оилаларига ер участкалари ажратиб, уларни иқтисодий фаолликка жалб қилиш қарори қутқариб қолган эди. Аниқроғи, чуқур инқироз давлатни бунга мажбур қилган эди.

Инқироздан чиқиб олингандан кейин эса бу ижобий натижа унутилди — ерларни истифода этишда маъмурий-буйруқбозлик тизими маъқул кўрилди, тез фурсатда ишларни ўнглаб олишнинг синовдан ўтган омилларига мурожат этилмади.

Омиллар эса ўша — бюрократик назоратни эмас, одамларнинг фаоллиги ошиши учун ҳамма чораларни кўриш. Ноўрин бюрократик назоратнинг мудом ишларни ортга суриб келаётганини тан олиш. Яхши натижаларга олиб келган тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этиш.

Дераза ортида яна қийинчилик — бу сафар дунё миқёсида қулоч отган инқироз. Мазкур инқироздан чиқиб кетиш эса эски, моғор босиб қолган, аммо тузатилмай келинган хатоларни, ўнғайсизликларни тузатишга боғлиқ.

Шокир Шарипов.

Мавзуга оид