Дубай полицияси 5 метрдан ҳароратни аниқловчи «ақлли» шлемлар билан таъминланди
Дубай полициячилари «ақлли каскалар» билан таъминланди. Ушбу каскалар 5 метр масофадан тана ҳароратини ўлчашга имкон берадиган тепловизорлар билан жиҳозланган.
Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Эътиборлиси, ушбу шлем билан бир дақиқада 200 гача кишининг ҳароратини ўлчаш мумкин.
Дубай полицияси янги технологиялар ёрдамида мамлакатда карантин бекор қилиниб, аҳоли уйидан махсус рухсатсиз чиқиш имконини олгандан кейин коронавирусга чалинганларни излайди. Эндиликда БААда соат 6дан 22 гача эркин ҳаракатланиш мумкин, бироқ ниқоб тақиш талаби қолдирилган. Уни тақмаганлик учун жарима 1000 дирҳамни (250 евро) ташкил қилади. Шунингдек, 3 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилиш тақиқланган.
Шунингдек, дўконлар ва савдо марказлари очила бошланган. Бироқ уларга 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар ва 60 ёшдан катталарга кириш тақиқланади. Ресторанлар фаолият юритишига ҳам рухсат берилган. Бироқ уларда столлар бир-биридан камида 2 метр узоқликда жойлашган бўлиши керак. Кинотеатр ва кўнгилочар марказлар ҳозирча ёпиқ қолмоқда. Шунингдек, метро ўз ишини тиклаган.
Шлемга қайтадиган бўлсак, у иккита инфрақизил камера ва юзни танувчи технология билан жиҳозланган. Шлем экранида бир вақтда 13 киши тасвирланади. Агар бу одамлардан бирортасида тана ҳарорати меъёрдан юқори бўлса, огоҳлантириш чиқарилади. “Биз бу одамни тўхтатиш учун тегишли чоралар кўрамиз. Сўнгра унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, яқин орадаги тиббий масканга етказилади”, деб айтган шундай шлемдан фойдаланаётган полициячилардан бири. Унинг таъкидлашича, “ақлли каскалар” Дубайнинг барча полиция бўлимларига етказилган.
Ушбу шлем Хитой компанияларидан бири томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бошқа давлатларга сотилишдан олдин у ёрдамида миллионлаб кишилар текширилган. Компаниянинг таъкидлашича, у бундай шлемларга Яқин Шарқ, Европа, Африка ва Осиёнинг бир қатор давлатларидан буюртма олган.
Мавзуга оид
19:25 / 28.10.2024
Фото: Дубай шаҳзодаси Навоийда лочин билан тувалоқ овлади
15:31 / 26.10.2024
Дубайда дунёдаги энг ингичка осмонўпар бино қурилмоқда
18:41 / 27.09.2024
Бурж Халифа: дунёни ҳайратга солаётган осмонўпар бино
13:50 / 13.09.2024