Алламжонов пандемия ОАВга ҳам катта таъсир ўтказганини таъкидлар экан, жумладан, шундай дейди: «Фикримча, матбуот ҳам оғир жараёнлар ва оғир даврга кириб келмоқда. Газета нашрларига келадиган бўлсак, қўпол қилиб айтгим келмаяпти, аммо мен уларнинг келажагини кўрмаяпман. Бу инқирозлар бошланмаган тақдирда ҳам газеталар аллақачон ўтмишга айланганди».
Албатта, бу субъектив фикр ифодаси. Зотан, мулоҳазаларнинг биринчи шахс тилидан баён этилгани, қолаверса, шахсга ишора қилувчи модал сўзлар мавжудлиги ҳам буни тасдиқлаб турибди. Аммо газеталарнинг аллақачон ўтмишга айлангани ҳақидаги фикр соҳадаги асосий масъуллардан бирининг тилидан айтилиши унинг ҳукм ўлароқ янграшига ҳам сабаб бўлди, дейиш мумкин. Эҳтимол, шунинг учун ҳам баъзи газеталар муҳаррирлари бу гапларга эҳтирос билан жавоб қайтаришгандир.
Комил Алламжонов — пандемиянинг ОАВга таъсири ва матбуот эркинлиги рейтинги ҳақида
Хўш, Алламжонов бу борада қанчалик ҳақ? Газеталар чиндан ҳам ўтмиш мулкига айланиб улгурдими?
Келинг, даставвал мана шу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
Газеталарнинг келажаги ҳақидаги баҳслар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Интернет тармоғининг кўлами кенгайиб бораётган дастлабки кунлардаёқ бу масала муҳокама мавзусига айлангани бор гап. Бир пайтлар кино пайдо бўлгач, театрнинг ўлиши ҳақидаги фикрлар айтилганидек, мультимедиавий имкониятга эга интернет пайдо бўлгач, нафақат босма нашрлар, ҳатто радио ва телевидениенинг келажагига ҳам шубҳа билан қараш тенденцияси вужудга келди. Аммо вақт ўтгани сайин шубҳа найзасининг учи кўпроқ босма нашрларга қаратила бошлади.
Бизнингча, ҳозирда газеталарнинг келажаги билан боғлиқ асосан икки асосий қараш мавжуд.
1. Оптимистик қараш
Европада чоп этиладиган айрим йирик босма нашрларнинг муҳаррирлари газеталар тарихга айланади, деган фикрга қўшилишмайди. Тўғри, бугун дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, АҚШ ва Европада босма нашрлар тиражининг пасайиши, қўшимча солиқлар, интернет билан рақобатда фаолият олиб бориш каби жараёнлар матбуотга кучли босим ўтказмоқда. Қолаверса, технологиянинг жадал ривожланиши, истеъмолчилар танловининг ўзгарувчанлиги ҳам вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Associated Press агентлигига интервью берган Европа газеталари муҳаррирлари ҳали ҳам келажакка умид билан қарашмоқда. Уларнинг фикрича, интернет медиа тараққиёти газета форматини ўзгартирса-да, бу бир таҳдид эмас, балки имкониятдир. Яъни медиа инқилоби аввалгидек чуқур ва таҳлилий журналистикага қайтиш учун имконият яратиши мумкин.















