Ўзбекистон | 21:30 / 27.04.2020
8374
6 дақиқада ўқилади

Асл саховатпешалик халқимизнинг қонида бор

Халқимиз азалдан саховатпеша, эзгу амаллар қилишни яхши кўради. Буни бугунги кунда амалга оширилаётган  “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати мисолида ҳам кўриш мумкин. Биргина Тошкент вилояти мисолида  ўн минглаб оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Жорий йилнинг 24 апрелигача бўлган маълумотларга кўра, вилоятдаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузуридаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига 30 минг 971 та мурожаат тушган бўлиб, шулардан 27 минг 61 тасининг муаммоси ҳал этилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Ёки вилоятда ҳозиргача 53 тонна гуруч, 43 тонна шакар, 62 тонна ун, 56 минг 219 литр ўсимлик ёғи, 8 минг 131 кг мол гўшти, 450 кг қуритилган мевалар, 51 тонна 400 кг макарон, 37,5 тонна сабзи, 500 кг бодринг, 2,5 минг литр сутли маҳсулотлар ва 24 минг 878 дона тиббий ниқоб бепул тарқатилгани ҳам хайрия ишлари доираси ҳақида тасаввур беради.

Вилоят тадбиркорлари  барча шаҳар ва туманлардаги уй шароитида карантинда сақланаётган хонадонлар, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, Меҳрибонлик ҳамда Саховат уйлари ва болалар интернетларига хайрия сифатида 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб беришяпти. Шу кунгача 1500 оилага шундай тарзда ёрдам кўрсатилди. Турмуш шароити бирмунча оғир оилаларга қўшимча равишда нақд пул ҳам берилди. “Минг оилага –минг туҳфа!” ижтимоий хайрия акцияси доирасида эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бирига бир бошдан соғин сигир берилди.

Президентимиз томонидан  жорий йилнинг 27 февралидаги видеоселектор йиғилишида таъкидланган республикада камбағалликни қисқартириш масаласида ҳам Тошкент вилояти ҳокимлиги тизимли ишларни йўлга қўймоқда. Энг аввало, вилоятдаги ҳар бир маҳалла, туман ва шаҳарлар кесимидаги ҳақиқий ҳолат, мавжуд шарт-шароит ва имкониятлар чуқур ўрганилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос бўлган анъаналаридан келиб чиққан ҳолда чоралар белгиланди. Бунда камбағалликка оид ҳақиқий аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сони ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиб, ҳар бир туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари инобатга олинди.

Жорий йилда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, Ҳунармандчиликни ривожлантириш каби давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 323,2 миллиард сўм кредит ажратилади. Мазкур лойиҳаларни молиялаштирилишини таъминлаш мақсадида, аввалги йилларда берилган кредитлар бўйича 233 миллиард сўм кредитларни ўз муддатида қайтарилиши юзасидан тизимли ишлар йўлга қўйилди. Масалан, бугунги кунгача бу давлат дастурлари доирасида 158 та лойиҳага 17,9 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Камбағалликни тадбиркорликни ривожлантириш орқали қисқартириш мақсадида бу йилда ўтган йилдан кам бўлмаган миқдорда янги кичик бизнес субъектлари ташкил этишни кўзда тутилган.

Коронавирус пандемияси шароитида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси жорий йилнинг апрель ойи учун вилоятга 4 миллиард 425,5 миллион сўм миқдорида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига маблағлар йўналтирди. Ушбу маблағларга жами 5 минг 800 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари, Бандлик жамғармаси томонидан 615 та оила аъзоларини шахсий томорқа хўжаликларида банд қилиш ва уларга кўмак бериш мақсадида жами 1 миллиард 375 миллион сўм миқдорда маблағлар ажратилди. Маблағларнинг 173,9 миллион сўми иссиқхоналар қуриш, 647,9 миллион сўми томорқаларга уруғ ва кўчатлар сотиб олиш ҳамда 553,2 миллион сўми суғориш воситаларини ўрнатиш учун режалаштирилган.

Вилоятда экспорт соҳаси ҳам кенг йўлга қўйилди. Масалан, жорий йилда жами 603,3 млн. долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш режаси белгиланган. Шундан, 386,3 млн. АҚШ доллари саноат маҳсулотлари бўлса, 217 млн. АҚШ доллари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келади. Бу борада кўзда тутилган топшириқларни уддалаш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти. Хусусан, январь-февраль ойларидаги режалар 118,4 фоизга, жумладан, саноатда 151 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича эса 60 фоизга бажарилганлиги фикримизнинг тасдиғидир.

Жорий йилда вилоятимизда 56 та истиқболли лойиҳани амалиётга татбиқ этиш ҳисобига 309,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. Хусусан, жорий йилнинг январь-февраль ойларида 20,6 млн. АҚШ доллари ҳажмидаги хориж маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилганди, амалда эса бу кўрсаткич 32,4 млн. АҚШ доллари миқдорида бажарилиб, вазифа 157 фоизга уддаланди. Умуман, биринчи чорак учун белгиланган режа прогнозлари 52,5 млн. доллар ёки 110 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Хорижий сармоядорлар билан инвестиция киритиш масаласида доимий равишда музокаралар олиб борилмоқда. Яқинда Россия Федерациясидаги уй-жойларни қуришга ихтисослашган компания вакиллари келиб, кўп қаватли уй-жойларни бунёд этишдаги тажрибаси, имкониятлари ва хориж давлатларида барпо этган уй-жойлари хусусида батафсил маъумотлари билан тақдимот ўтказишди. Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлар (“UTID”) уюшмаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Бугун 2021 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган “Tashkent Cotton Textile” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш ишлари ҳам бошланган. Бир сўз билан айтганда, Тошкент вилояти мамлакатимизнинг марказий вилояти сифатида ўз ўрни ва салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидан бормоқда. Бу йўлда вилоятимизнинг юксак иқтисодий, улкан табиий ва инсоний ресурслари, ривожланган транспорт коммуникациялари имкониятларидан тўла ва мақсадли фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Мавзуга оид