Ўзбекистон | 17:51
907
11 дақиқада ўқилади

“Мисқоллаб яратилган Тошкент брендини йўқотиб қўйишимиз мумкин” – иссиқхоначи муқобил ечимлар ҳақида

Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарни кўчириш бошланди. Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркор соҳанинг Сурхондарёдаги истиқболи расмийлар айтаётганидек ёруғ бўлмаслигини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, кўчиришдан бошқа йўл ҳам бор: замонавий филтрлаш тизимлари ва аниқ техник стандартлар.

Журналист Шокир Шарипов Тошкент иссиқхоначилик ҳаракати фаолларидан бири Хуршид Аҳмедов билан шу мавзуда суҳбатлашди.

  • Сиз Тошкент иссиқхоначилик ҳаракатининг фаолларидан бирисиз, соҳанинг ичидасиз. Ҳозир, шу тобда иссиқхоначилик соҳасида вазият қандай?
  • Президентимизнинг 180-сонли қарори озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича фармони чиқди. Ундан кейин 162-сонли қарор чиқди. У ерда Тошкент ва Тошкент атрофидаги бешта тумандаги иссиқхоналарни “Сурхон Агро” проекти остида Сурхондарёга кўчириш бўйича масала қўйилди. Бунга, аввало, экологик ҳолат сабаб бўлди. Администрация раҳбари бошчилигида рейдлар ўтказилганда кўрилдики, айрим иссиқхона эгалари ҳар хил ножоиз нарсаларни ёқиб, ҳавога чиқараётган зарарлари туфайли мана шунақа ҳолатга келиб қолдик. Ўзим иссиқхоначиман. Ўзимизнинг иссиқхонамиз бор.

Шу соҳа вакили бўлганим учун атрофимиздаги ўзимизга ўхшаган одамлар йиғилиб, давлатимизга бир таклиф билан чиқдик. Ечим деб бизлар нимани айтяпмиз? Мана, Ўзбекистонда газлаштириш тўхтатилган. Яъни газ йўқ деб олдик. Лекин биз иссиқхонани иситишимиз керак. Нимадан фойдаланамиз? Иссиқхонадан чиқадиган тайёр маҳсулот нархининг 80 фоизини ёнилғи фактори белгилайди. Яъни сиз ёнилғини қанчалик арзон олсангиз, маҳсулотингиз бозорга шунчалик арзон киради. Ва ундан ташқари, атрофимиздаги қўшни давлатлардаги рақобатни инобатга олган ҳолда фикрлайдиган бўлсак, биз учун энг оптимал вариант кўмир бўлиб турибди.

  • Лекин кўмирдан ёмон газ чиқади...
  • Ҳа, экологияни бузади. Биламиз, кўмир энг ёмон, энг кир, ҳаво учун зарарли бўлган ёнилғи тури ҳисобланади. Бир томондан, энг арзон, иккинчи томондан, экология учун, environment учун, атроф-муҳит учун энг зарарли. Лекин шу билан бирга мен бир фактни келтириб ўтмоқчиман.

Хитойни нима Хитой қилди?

  • Озгина соҳадан узоқлашамиз. Хитой давлатининг иқтисодини, унинг охирги 30 йилдаги фақат тепага қараб ўсиши омилини чуқур ўрганадиган бўлсак, бу – арзон ёнилғи. Яъни дунёнинг иккинчи экономикаси йилига 5,5 миллиард тонна кўмир ишлатади. Ўзида 4,2 миллиард тонна кўмирни қазиб олиб, тўғридан-тўғри экономикасига йўналтириб, оғир индустрия, ишлаб чиқариш, иситиш, электр энергияси ишлаб чиқаришда тўғридан-тўғри кўмир ёқади.
  • Аммо охирги даврларда Хитой экологияга эътибор қаратди...
  • Шундай. Айнан мана шу ерда бизлар Хитой тажрибасини олсак бўлади. Хитой тажрибасини яқиндан ўрганиб қарайдиган бўлсак, “ёки катта-катта шаҳарлардан заводларни чиқарамиз ёки замонавий филтр усулига ўтамиз” дейишди. Замонавий филтр усули нима? Бу – тўрт босқичдан иборат бўлган ҳаво тозалаш тизими. Кўзингиз олдига келтириш учун, бу бир яшик эмаски, ҳаво бу ердан кириб, у ердан тоза чиқиб кетди. Йўқ. Бу ерда кўмирдан чиқадиган тўрт хил заҳарли газнинг ҳар биттаси алоҳида-алоҳида тозаланади. Айтайлик, мисол тариқасида, Америка Қўшма Штатлари 50 миллиграмм билан 400 миллиграмм орасида экология учун зарарли эмас деб топган жойда Хитой айтяптики, йўқ, 50 миллиграмм билан 100 миллиграмм ўртасида ишлайсан, деяпти ишлаб чиқарувчига. Ишлаб чиқарувчига қўйилаётган талаб кучли. Шу орқали ўша замонавий филтрларни татбиқ қилиб, ҳозирда Хитой муаммодан чиқиб кетди.

Ўша замонавий услубдаги янги қараш, янги технологияларни Ўзбекистонда жорий қилсак, бизда ҳам бу нарса ечилади. Яъни ечими бор. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, янги замонавий тўрт босқичдан иборат филтр системасида кўмир ёқиш жараёнида 25 фоиз, қўрқмай айта оламан буни, 25 фоиз кўмирнинг КПДсини ошириб, ортиқча энергияга эришсак бўлади. Яъни кўмирни тўғри ёқиш жараёнида ундан олинаётган энергия 25 фоизга оширилади. Қўшимча кислород бериш эвазига молекуляр даражада углеродни кислородга мажбурлаб қўшганимизда портлаш ҳосил бўлади. Худди ўша кўмирдан, айтайлик, 500 градус иссиқлик олаётган бўлсак, мана шу функцияни қўшганимизда ҳарорат 700 градусга кўтарилади. Қўшимча 200 градус бизларга нима беради? Ёқилғи тежамкорлигини беради. Экологияга чиқаётган зарарли модда, ўша углекислота газини ёқиб олганимиз эвазига печканинг ичида, ташқарига чиқаётган ҳаво тозаланиб чиқади ва бунинг исботи бор. Кўрсатиб бера оламиз.

Бу – 6-7 ойлик меҳнатимиз ҳосили, тўрт босқичдан иборат бўлган ҳаво тозалаш тизими.

Кўраётганингиз — бу бир мегаваттдан ортиқ сув чиқариб бера олади. Бундан чиқаётган ҳаво массаси биринчи циклон деган кўмир заррачаларини оладиган фильтр тизимига тушади. Ўша котёл ичида ҳозирда ишлаш градусимиз 550-560 градусда ишлаяпти.

Циклонга ўтган пайтида унинг градуси 350 га тушади. Ундан чиқиб, электростатик филтрга тушади. Электростатик филтр вазифаси — бу PM2,5 зарралари билан ҳаводаги тутунни парчалаб бериш, яъни магнит майдони ҳосил қилиш эвазига ташқарига чиқиб кетаётган тутун, ҳаттоки тутун массасини сочиб юборади ва градус бу жойда 150 градусга тушади.

Мана, ичида кўриб турган нарсамиз охладител дейилади. Яъни биз бу ҳаво массасини совитамиз, бизнинг филтрдан чиқаётган иссиқ ҳаво массаси батамом совитилиб, ҳозирда ишлаётган пайтимизда 34 градусда чиқяпти ва кўрсатишимиз мумкин. Бемалол қўлни қўйса бўлади устига, куймайди. Кейин бу ҳаво массаси кириб, мана бу ерда ҳўл филтрдан чиққан тутун массасини сув билан ювамиз. Сув билан ювиб, олтингугурт кислотасида тозалаймиз. Бу жойда ҳарорат 35 градусга тушади. 35 градусга тушгандан кейин кўраётганингиз камерада ҳаво массаси механик филтрдан ўтади.

Яъники, агар қандайдир тизимда хато бўлиб қолган бўлса, унинг олдини олиш мақсадида бу филтрдан ҳаво массаси ўтади ва ичидаги майда зарралар батамом тугатилиб, кўриб турган ўша мўримиздан чиқиб кетади. Мана кўрганингиздек, ҳеч қанақа тутун йўқ. Ва энг қизиғи, бизнинг филтр тозалаш тизимимиз ёпиқ тизим устига қурилди. Мана бу ерда 10 тоннали “ёмкост” бор. Мана машина ичидаги сув доим циркуляцияда тургани эвазига биз сувни оқизиб юбориб, табиатни бузмаймиз.

Биздан олдинги фильтр разработкаларида битта филтр бир гектар иссиқхона учун ишлаш жараёнида кунига 10 тонна сувни сарф қилган, 10 тонна сув кислотани ювиш жараёнида ювилиб кетган. Биз ана ўша 10 тонна сувни 150 кунга кўпайтирадиган бўлсак, 1,5 минг тонна сув, 1,5 минг куб сув оқиб кетишининг олдини оламиз.

Филтримиз олтита функцияни бажаради. Биринчиси – оксид углерод. Халқ тили билан айтганда, ис гази билан курашади. Иккинчиси – азот оксиди дейилади. Азот диоксиди. Кейингиси – олтингугурт кислотаси. Мана бу энг хавфлиси. Ўша – кўмир ёққанда бурнимизни ачиштирадигани, у билан курашади. Кейин PM2,5 деган майда заррачалар бор. Бу билан курашади. Ва охиргиси, олтинчиси – сувни иқтисод қилиб, ўзини ўзи тозалайди. Фақат биз ўша реагент билан сувнинг балансини, pH’ни ушлаб турамиз. Бу циркуляция қилади. Ҳавога чиқиб кетаётган печканинг ичидаги температурани 64 градус қилиб чиқарамиз ташқарига. Яъни бизнинг мана шу енгил филтр, енгил технология глобал исиш, яъни глобал иссиқлик, ҳамма ёқда иссиқ кетаётгани, планета қизиб кетаётгани деган саволга жавобни берди. Оддий инсон температураси 36,5 градус. Бизнинг фильтрдан 34,5 градус иссиқ бўлиб чиқади, ҳавони намлаб беради.

  • Қайсидир идора текширдими филтрни? Қанақадир хулоса беришдими?
  • Албатта, Экология қўмитасининг ходимлари тестерлардан ўтказишди. Бу ҳужжатларни мен сизга тақдим қила оламан. Ҳаттоки видеолари ҳам бор. Кўриб, фикр-мулоҳаза юритишингиз мумкин.

Лекин, битта “лекин” бор

“Лекин” шундан иборатки, бу филтримизни жорий қилишда йўлимизда битта тўсиқ турибди. Шу тўсиқнинг ечимини муҳтарам президентимиздан, давлат мутасаддиларидан сўраймиз. Буям нима десангиз, президентимиз 2024 йил 15 октябрда чиқарган қарорларида, хусусан, иссиқхона, кўмир ёқадиган иссиқхона печлари учун филтрни тозалаш техник шарти 99,5 фоиз деб белгиланган. Бу шундай нарсаки, сувни литрда ўлчамасдан, килода ўлчаш билан баробар.

99,5 фоиз ҳавони тозалаш... Нимага нисбатан?

Бутун дунёда, агар бир мегаватт иссиқлик берадиган иссиқлик котёллардан чиқадиган углекислота гази миқдори, азот оксиди, азот диоксиди, сероводород учун тайёр шаблон ўлароқ аллақачон ишлаб чиқилган параметрлар 50 миллиграмм билан 100 миллиграмм орасида бўлса, сиз “окей”сиз, сизга яхши стикер берилади. Демак, биз ҳозир яратган филтрлар билан дунёнинг хоҳлаган давлатида ишлай оламиз. Хитойга борсангиз ҳам, Америка Қўшма Штатларига борсангиз ҳам, Европага борсангиз ҳам, ҳамма жойда бу филтр, бу тизим, бу техник шарт ва методика тўғри бўлгани учун биз стандарт ичида қоламиз. Лекин Ўзбекистонда қўйилаётган мана шу битта хатолик сабаб.

Шу хато тўғриланса ҳам экологиямиз сақлаб қолинади, ҳам иссиқхоналар. Иссиқхоналардан ташқари саноат корхоналари бор.

  • Яъни бу ерда шунчаки техник хато...
  • Ҳа, техник хато. Йиллар мобайнида ўрганилган билимларимиз, тажрибамиз бор. Иссиқхона маданияти Тошкентда пайдо бўлди ва бу ерда Тошкент мактаби шаклланди. Булар авлоддан авлодга ўтиб келяпти. Тошкент иссиқхона эгалари ўз иссиқхоналарида доимий тадқиқот олиб боришади. Бу айнан Тошкентда бўлади. Янги навлар, янги ўғитлар, бошқа янги нарсалар шу ерда синовдан ўтказилади. Шу сабаб Тошкент помидори деган брендни сақлаб турибмиз. Бунинг орқасида жуда ҳам катта илм, жуда ҳам катта меҳнат ва вақт ётади. Агар бу нарсани олиб Сурхондарёга кўчираверадиган бўлсак, бу нарсадан айрилиб қолишимиз хавфи бор.
Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид