Ўзбекистон | 17:30 / 27.04.2020
50993
3 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти кенгаши шаҳар кенгаши қарорини бекор қилди. Энди депутат жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши Наманган вилояти прокурори томонидан киритилган тақдимномани кўриб чиқиб, аввалроқ Наманган шаҳар кенгашининг шаҳар кенгаши депутати Т.Мухаммадиевга оид иш бўйича чиқарилган қарорини бекор қилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га хабар қилишича, Наманган вилояти прокурори 21 апрель куни вилоят Кенгашига шаҳар кенгаши чиқарган қарорларни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритган.

Мазкур тақдимнома 25 апрель куни вилоят кенгашида кўриб чиқилиб, Наманган шаҳар кенгашининг 16 апрелдаги 21/06-сонли қарори ўзгаришсиз қолдирилган. 

Наманган шаҳар кенгашининг 19 апрелдаги 26/04-06-сонли қарори бекор қилинган ва депутатни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган. 

Шу билан биргаликда, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати ва ИИБ ходимлари ўртасида можаро юзага келганди. Ички ишлар вазирлиги автомашинасини мажбурий суғурта қилишни унутгани учун ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати профилактика инспекторининг телефонини синдиргани, уни тинчлантирмоқчи бўлган бошқа ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олгани ҳақида маълум қилганди.

Ички ишлар матбуот хизмати хабари томонидан келтирилган видео сарлавҳасида «босар-тусарини билмаган депутат» ибораси қўлланганди.

Лекин маълум бўлишича, ушбу видеода вазият тўлиқ акс эттирилмаган.

16 апрель куни мазкур ҳолат юзасидан Кенгаш розилиги асосида шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 

19 апрель куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутатни ҳимоя қилиб чиқди ва Кенгаш қарори билан Наманган шаҳар прокурорига шаҳар ИИОВ ФМБ-сонли профилактика катта инспектори И.И. Абдурахмонов, ИИБ ЙҲХБ испектори Х.И. Зиёвиддинов ва воқеада иштирок этган бошқа ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва белгиланган тартибда қонуний чора кўриш вазифаси топширилди.

21 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Дониёр Ғаниев 22 нафар депутатнинг Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга киритган таклифлари баён этилган мурожаатини эълон қилди. Унда ЙПХ инспекторининг хизмат бодикамерасига ёзиб олинган воқеа видеосини тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши ҳамда воқеанинг якуний муҳокамаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вазирлик томонидан ахборот берилиши сўралган.

23 апрель куни ИИВ ушбу сўровга жавоб йўллади. Унда ишга тааллуқли барча материаллар, шу жумладан, воқеа жойида олинган видеотасвирлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилгани маълум қилинган. Шу билан бирга, ОАВ орқали эълон қилинадиган хабар ва маълумотларни тайёрлашда вазирлик тизимидаги ахборот ва матбуот хизматлари ходимларининг қонунийлик, холислик ва касб этикаси талабларига риоя қилишлари юзасидан қатъий талаблар белгиланиб, масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилгани қайд этилган.

Мавзуга оид