Жаҳон | 14:33 / 27.04.2020
4975
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК иккинчи ярим йилликда бир баррель нефть нархи 40 долларгача кўтарилишини тахмин қилмоқда

Апрель ўрталарида ОПЕК+ мамлакатлари 1 майдан нефть қазиб олишни камайтиришга келишиб олганди. 

Фото: РИА Новости

ОПЕК 2020 йилнинг икккинчи ярим йиллигида нефтнинг бир баррели нархи 40 доллар атрофида баҳоланади деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Жазоир энергетика вазири Муҳаммад Ақраб маълум қилди. У 2020 йил декабрга қадар ОПЕК конференцияси президенти ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, кейинги кунларда "бозорлар ижобий сигнал беришни бошлади". Тахминга кўра, май-июнда нефтнинг жаҳон нархи  35 долларгача кўтарилади.

Ақраб ОПЕК+ қарори ҳамда Европа ва Хитойда кўрилган чоралар нархнинг кўтарилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Апрель ўрталарида ОПЕК+ мамлакатлари 1 майдан нефть қазиб олишни камайтиришга келишиб олганди. 

20 апрелда жаҳон биржаларида нефть нархининг пастлаб кетиши хом ашё бозорини остин-устун қилиб юборди. Шу куни Кариб денгизи ҳавзаси ҳамда Шимолий Америкада қазиб олинадиган WTI навидаги нефтнинг 1 баррели мутлақо кутилмаган ҳолда -40 долларгача тушиб кетди.

22 апрелга келиб нархлар бироз «ўзига келди». WTI навли нефтнинг бир баррели 11,47 долларга кўтарилди, Brent навли нефтнинг 1 баррели 16 долларга арзонлашди.

Мавзуга оид