Жамият | 12:44 / 29.04.2020
12322
10 дақиқада ўқилади

Фавқулодда вазият айрим инсон ҳуқуқларини чеклаши мумкин - ҳуқуқшунос

Kun.uz пандемия ва иқтисодий инқироз масалаларига оид турли соҳа вакиллари билан суҳбатлар ташкил қилмоқда. Навбатдаги суҳбатдошимиз - Халқаро Юристлар комиссияси консультанти, ҳуқуқшунос Дилфуза Куролова пандемия вақтида халқаро ҳуқуқ соҳасида кузатилаётган ўзгаришлар, инсон ҳуқуқларининг ҳимояланиши тўғрисида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Маълумот учун: Дилфуза Куролова – Тошкент Давлат юридик университети (Халқаро гуманитар ҳуқуқ мутахассислиги) ҳамда OSCE (Европа хавфсизлиги ва ҳамкорлиги ташкилоти) академияси (Сиёсат ва хавфсизлик мутахассислиги)нинг магистри бўлиб, айни дамда Халқаро Юристлар комиссияси ва Халқаро молиявий ташкилотлар лойиҳаларининг ҳуқуқий ва ижтимоий масалалари бўйича консультанти сифатида фаолият юритади.

Дилфуза Ўзбекистондаги фаол ҳуқуқшунос ёшлардан бири бўлиб, TEDxMustaqillikSquare лойиҳасининг спикерлар бўйича мураббийи ва Global Shapers Tashkent Hub асосчи-куратори ҳамда Mampassi Сollective (Марказий Осиё ёш мутахассислари тармоғи) аъзоси ҳам саналади. У 2017 йилда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган MISK Глобал форумида иштирок этган. Венадаги ЕХҲТ бош котибиятининг ҳуқуқий бўлимида малака оширган. 2019 йилда John Smith Trust Fellowship дастури бўйича Буюк Британияда малака ошириб қайтган.

- COVID 19 пандемияси Ўзбекистонда хуқуқ соҳасида қандай ўзгаришларга олиб келиши мумкин?

- Албатта, ҳар бир давлат ўзининг иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий муносабатлари, мавжуд сиёсатидан келиб чиққан ҳолда турли чора-тадбирларни кўрмоқда. Айрим давлатларда фавқулодда ҳолат эълон қилинмоқда. Баъзи мамлакатларда эса фавқулодда вазият эълон қилинмасдан аввал карантин ҳолатига ўтилмоқда. Лекин мана шундай фавқулодда ҳолатлар бўлган бир вақтда ҳеч бир давлатда инсон ҳуқуқлари бузилмаслиги зарур. Шу боис халқаро ҳуқуқда қайд этилганидек, агарда фавқулодда вазият юзага келса, айрим инсон ҳуқуқларини чеклаш ёки чегаралаш мумкинлиги тўғрисида белгилаб ўтилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари соҳасида энг асосий қонунлардан бири – бу 1966 йилда қабул қилинган фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ҳисобланади. Мазкур пактларга Ўзбекистон Республикаси ҳам 1995 йилдан буён аъзо давлат саналади. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш каби халқаро мажбуриятлари мавжудлигини англатади. Шу пактларга асосан биринчи пакт -  яъни сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 4-моддасида “Агарда фавқулодда ҳолат пайдо бўлган бўлса, айрим ҳуқуқлардан чеклаш мумкин”, деб белгилаб ўтилган. Мазкур чекловнинг ўз тегишли жараёни мавжуд. Мисол учун, “Сиракуза принципи”га асосан, бунда давлат ҳар қандай фавқулодда вазиятни аҳолига эълон қилиши керак, яъни қонунан парламент ёки давлат раҳбари томонидан расман маълум қилиниб, қонунда белгиланган қайси ҳуқуқлар ва эркинликларга чекловлар қўйилиши кўрсатилади. Масалан, “комендантлик соати” бўлиши мумкин ёки айрим ҳолатларда журналистлар ёки ОАВга баъзи бир хабарларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик талаби қўйилиши, яъни сўз эркинлигини чеклаш ҳолати бўлиши мумкин. Бироқ бу дегани инсон ҳуқуқларини тўлақонли чеклаш деган маънони англатмайди. Шундай мутлақ ҳуқуқлар мавжудки, уларни чеклаш мумкин эмас.

Умуман олганда, давлат томонидан фавқулодда ҳолатларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар мавжуд хавфга пропорционал бўлиши зарур. Иккинчи навбатда, улар чиндан ҳам зарур, ўринли ва қонуний бўлиши керак. Учинчидан эса, ҳар бир кўрилаётган чора-тадбирлар вақтинча бўлиши шарт.

Дилфуза Куролова

- Турли мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда пандемияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирларни ҳуқуқ соҳасидаги эксперт сифатида қандай баҳолайсиз?

- Албатта, дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши қандай қураш олиб бораётганини кузатиб бормоқдамиз. Агарда халқаро ҳуқуқ назаридан олиб қарайдиган бўлсак, айрим мамлакатларда полиция ходимлари жуда катта кучга эга бўлмоқда, баъзи давлатларда инсон ҳуқуқлари шу қадар чекланганки, одамлар  ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам айта олишмаяпти. Аҳолига нисбатан қаттиқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойи бошида БМТ махсус маърузачиларининг барчаси йиғилиб, расмий саҳифаларда ўз фикрларини айтиб ўтишди: Албатта, коронавирус пандемияси тугаганидан сўнг, бутунжаҳон ташкилотлари ва халқаро органлар мамлакатлар инсон ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоялашда қанчалик тўғри йўл тутганлигини назорат остига олиб, кузатиб боришади.

Маърузачилар қайд этганидек, айрим давлатларда айни дамда қонунийлик принциплари бузилмоқда. Шундай давлатлар борки, у ерда қуролли кучларга кўпроқ ҳуқуқлар берилиб, фуқароларга қарши ҳаттоки, қурол ҳам ишлатишмоқда. Ёки айрим ҳолларда “комендантлик соати” қоидасини бузганларга қарши қуч қўлланмоқда. Булар халқаро ҳуқуқнинг нормаларига мутлақо тўғри келмайди.

-       Коронавирус пандемиясидан сўнг халқаро ҳуқуқ йўналишида қандай жиддий ўзгаришлар кузатилади деб ўйлайсиз?

-        Биринчи навбатда, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, мавсумий ҳисоботлар топшириш вақти бўлади. Ҳар бир давлат конвенцион органга аъзо бўлганидан сўнг, ҳар беш йилликда ўз ҳисоботларини тақдим этади. Менинг фикримча, эндиликда ҳисоботларда коронавирусга қарши олиб борилган давлат сиёсати ва чора-тадбирлар қандай қилиб инсон ҳуқуқларини поймол қилмагани, шунингдек, инсон ҳуқуқларидаги чегаралар, халқаро мажбуриятлардан чекланиш, қай даражада зарур, пропорционал, қонуний ва вақтинчалик ҳаракатлар олиб борилгани тўғрисида тегишли бандлар кўрсатилади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идорасида шундай ҳужжат пайдо бўлдики, унда энг кўп бузилиши мумкин бўлган ёки кўпроқ хавф-хатарга учраши мумкин бўлган инсон ҳуқуқларининг стандартлари белгилаб ўтилди. Буни онлайн тарзда истаган одам ўқиб кўриши мумкин. Ҳужжатда ҳар бир давлат инсонларга бошпана бериши ва ижтимоий жиҳатдан таъминлашга мажбур. Агар аҳоли ижарада яшайдиган бўлса, имкон қадар ижара ҳақи тўловини кейинроққа суриш ёки мораторий қўйиш сиёсатини олиб бориш зарур. Шунингдек, ногиронлар масалалари ҳам қайд этилган. Ногиронлар баъзида доимий қаровга ва кўмакка муҳтож бўлиши мумкин. Бизга маълумки, агарда карантин режими ёки ижтимоий масофаланиш ҳолати бўлса, бу гуруҳ керакли ёрдамни ола олмайди. Мана шундай вазиятларда, ногиронлар гуруҳи катта хатар остида бўлган инсонлар гуруҳига киради. Ҳужжатда эса айнан шундай хатар остид қолган гуруҳларга ўз вақтида катта ёрдам берилиши лозимлиги таъкидланади.

-        Сиз яқинда коронавирус бўйича халқаро онлайн конференцияда иштирок этдингиз. У ерда қандай масалалар муҳокама қилинди?

-        Апрель бошида Санкт-Петербург халқаро юридик форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ҳуқуқ соҳасидаги форумлардан энг каттаси ва нуфузлиси саналади. Мазкур форумда ҳар йили 2-3 мингдан зиёд экспертлар, адвокатлар, судьялар ва ҳуқуқшунослар иштирок этиб келмоқда.

Жорий йилда коронавирус пандемияси туфайли ушбу тадбир илк маротаба онлайн тарзда ташкил этилди. Уч кунлик форум давомида жуда кўп мавзуларда маърузалар бўлди.

Лекин мен эътиборимни тортган иккита муаммога тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчиси – бу давлатларнинг олиб бораётган сиёсатига бағишланган панел бўлиб, унда Ўзбекистон адлия вазири Давлетов ҳам иштирок этиб, юртимизда коронавирусга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Шундан сўнг, инсон ҳуқуқларига бағишланган панел бўлиб ўтди. Унда давлатлар томонидан олиб борилаётган сиёсатда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳақида тўхталиб ўтилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди президентининг сўзларига кўра, Европа конвенциясига асосан, агарда давлатлар инсон ҳуқуқларини чегараламоқчи бўлса, албатта, улар фавқулодда ҳолат эълон қилиши ёки қонунда кўрсатиб ўтиши керак ҳамда бу ҳеч қачон доимий шаклга эга бўлмаслиги лозим.

Иккинчи масала – бу суд тизими. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам ўз қарорини чиқарди. Қарорда судга мурожаат қилишни истаган фуқаро хат орқали ёки электрон тарзда мурожаатларини юбориши керак. Қайси муаммолар ва мурожаатлар зудлик билан ҳал этилиши, қайси бирини карантин вақтидан кейин ҳал этиш мумкинлигини ҳудудий суднинг ўзи белгилайди. Шу каби масалалар форум давомида жуда кўп муҳокама қилинди.  Барча давлат вакиллари бир овоздан суд тизимининг тўлиқ онлайн шаклда ўз фаолиятини олиб борилаётган ҳолати бутун дунё учун илк бор кузатилаётганини қайд этиб ўтишди.

Шунингдек, Дилфуза Куролова суҳбат давомида онлайн таълим тизимининг камчиликлари ва афзалликлари, халқаро анжуманлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Суҳбатни тўлиқ шаклини Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Kun.uz мухбири
Феруза Авазова

Мавзуга оид