Ўзбекистон | 21:01 / 29.04.2020
11366
3 дақиқада ўқилади

Карантин даврида қоидаларни бузганлар жами 45,8 млрд сўмлик жаримага тортилган

Ўзбекистонда карантин даврида жорий этилган қоидаларни бузган фуқаролар жами 45,8 миллиард сўм миқдорида жаримага тортилган бўлиб, ҳозирга қадар 14 миллиард сўм миқдордаги жарима ундирилган.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда қатновлар чегараланган бўлишига қарамай Ўзбекистонда нега карантинга олинганлар сони камаймаётганига изоҳ берди.

«Бир жиҳатга эътибор қаратиш керак, чегаралар бутунлай ёпилмаган, республикага ҳар куни Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ҳудудидан 400-500 киши кириб келмоқда. Ва улар келиши билан карантинга олинмоқда.

Хорижий давлатларга, айнан эпидемик нохуш ҳудудларга бориб юк олиб келган ё юк элтиб берган шахслар ҳам дарҳол карантинга олинмоқда», деди Нурмат Отабеков.

Унинг қайд этишича, асосан, 3 тоифадаги одамлар карантинга олинган: эпидемик нохуш ҳудуддан келганлар, касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар ва карантин муддатида касаллик чиқиши муносабати билан карантин муддати чўзилган шахслар. Мана шу тоифадаги шахслар ҳисобига карантинга олинганлар сонида катта ўзгариш кузатилмаяпти.

«Айни пайтда 85 минг одам карантинга олинган бўлиб, уларнинг 16 948 нафари стационар карантинда (касалхона, санатория, махсус тайёрланган жойлар), 62 408 нафари уй шароитидаги карантинда.

Касаллик ҳолатларининг аниқланиши эса стационар шароитда карантинга олинганлар орасида уй шароитида карантинга олинганларга қараганда кўпроқ кузатилмоқда», деди Нурмат Отабеков.

Маълум қилинишича, карантин бошлангандан буён, 27 апрель ҳолатига кўра, Давлат инспекцияси, ИИВ, Миллий гвардия ходимлари томонидан ниқоб тақмаган ва карантин режимини бузган, санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилмаган 71 028 кишига баённома тузилди ва улар 45,8 миллиард сўм жаримага тортилган. Шундан 14 миллиард сўм ундирилган.

Келиб тушган маблағнинг 50 фоизи давлат бюджетига йўналтирилди, қолган 50 фоизи ИИВ бюджетига тушган.

Бундан ташқари, Нурмат Отабеков Ўзбекистонда 13та юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилиши ва ҳақида маълумот берди.

«Эмлашлар орасидаги интервални бузиш иммун таранглигини вужудга келтиришга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун карантин даврида ҳам эмлаш ишлари давом этмоқда. Фуқаролар эмлаш тадбирларида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда қатнашишлари зарур», деди Нурмат Отабеков.

Карантин тадбирлари билан қамраб олинганлар:

  • хорижий давлатлардан келиб янгидан қўшилаёганлар;
  • касаллик чиқиши муносабати билан карантин муддати узайтирилган шахслар;
  • беморларни даволаш жараёнида қатнашганлар,
  • бемор ишлаган ишхонасида бирга ишловчилар,
  • беморнинг уйида оила-аъзолари, яқин қариндошлари, мулоқотда бўлганлар,
  • беморлар ташриф буюрган муассасалар ходимлари,
  • эпидемик нохуш ҳудудларга бориб юк олиб келиш билан шуғулланувчи шахслар.

Мавзуга оид