Жаҳон | 22:33 / 29.04.2020
9538
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда президент ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда

Қозоғистон парламенти қуйи палатасида фавқулодда вазият масалалари бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаёқ қабул қилинди. Ушбу ҳужжат президент ваколатларини кенгайтиради. 

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев / Фото: Акорда

Иқтисодиёт вазири Руслан Даленовнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасидан мақсад фавқулодда вазият вақтида ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун тезкор чоралар қабул қилиш имконияти ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси кўплаб давлатлар каби Қозоғистонда мустақиллик йиллари давомида биринчи марта фавқулодда вазият режими амал қилаётганда янада долзарб кўриниш олган.    

Ҳужжат билан фавқулодда вазият киритилган вақтда мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида президент томонидан солиқ, бюджет, божхона, банк, меҳнат, антимонопол, халқ саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими, давлат харидлари, валютани тартиблаштириш бўйича қонунлар амал қилишининг алоҳида жиҳатлари ўрнатилиши мумкин.  

Гап, шунингдек, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, давлат мулки, рақобатни ҳимоялаш, давлат назорати, халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари ҳақида кетмоқда.   

Шунингдек, қонун лойиҳасида фавқулодда вазият режимини таъминлаш мақсадида қабул қилинган ҳамда жисмоний ва юридик шахслар эркинликлари ва ҳуқуқлари вақтинчалик чекланиши билан боғлиқ қонун ҳужжатлари фавқулодда вазият киритилган муддат давомидагина қўлланиши айтилган. Ушбу ҳужжатлар фавқулодда вазият тугаши билан ўз кучини йўқотади. 

Мавзуга оид