Ўзбекистон | 19:53 / 29.04.2020
3288
3 дақиқада ўқилади

Халқ демократик партияси 1600 нафар депутати билан умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этмоқда

Фото: Халқ демократик партияси

Бугун Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Видеомулоқот шаклидаги мажлисда 80 та боғланиш нуқтасидан 300 нафардан ортиқ киши иштирок этиб, партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик гуруҳлари карантин даврида амалга ошираётган ишлар тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди.

Президентимизнинг тезкор, муаммолар ечимига аниқ йўналтирилган қарор ва фармонлари, хавфларни бартараф этиш, халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш бўйича қатъий белгилаб бераётган вазифалари юртимизни мураккаб шароитдан жиддий йўқотишларсиз олиб ўтишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

COVID-19 вируси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ЎзХДП тизимида 3 та, яъни тарғибот-тушунтириш, муҳтожларга ёрдам тадбирлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда фикр-муносабатлар билдириб бориш йўналишларида ишлар ташкил этилди.

Партия ташкилотлари, депутатлари ташаббуси билан ўтказилган хайрия тадбирларида ҳозиргача ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 6 млрд. сўмга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилинди.

Йиғилишда партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов синовли кунларда сабр-матонатли ва бағрикенг бўлиб, муҳтож оилаларга беғараз ёрдам кўрсатиб келаётган депутатлар, партия фаоллари ва фахрийларга чуқур миннатдорлик билдирди.

Мамлакатимизда синовли кунлардан мардонавор ўтиш, биринчи навбатда вирусга чалинганларга юқори даражада тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг соғлиғини муҳофазалаш, эҳтиёжманд фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича тезкор зарурий чоралар кўрилаётгани таъкидланди. Натижада юртимизда коронавирусдан зарарланганлар орасида ўлим ҳолати бошқа давлатларга нисбатан жуда кам бўлишига эришиляпти.

Йиғилишда ҳудудий партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, эл-юрт орасида катта ҳурматга эришган, кўпни кўрган фахрийлар Президентимиз илгари сурган ташаббус – “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этиш, имконият даражасида эзгу ишларга ҳисса қўшиш маънавий бурчимиз эканини таъкидлашди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида бир қатор йўналишларда вазифалар белгилаб олинди, йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Қорақалпоғистон республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман (шаҳар) Кенгашларидаги 1600 нафар депутатлар, партия ходимлари ва фаолларига бундан кейин ҳам эҳтиёжмандларга ёрдам бериш жараёнларини ташкил этиш тавсия этилди.

Депутатлар, партия фаолларининг имкониятларга қараб, камида битта жуда эҳтиёжманд оилани ҳомийликка олиш ташаббуси билан қўллаб-қувватланди. Бунинг натижасида республика бўйича қарийб 2 мингдан ортиқ оғир аҳволга тушиб қолган оила қисқа муддатда ҳимояга олинади.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси бўлинмаларидан зарурий истеъмол товарлари ва тиббий маҳсулотларнинг эҳтиёжмандларга манзилли етиб бориши устидан депутатлик, жамоатчилик назоратини кучайтириш сўралди.

Ҳамжиҳатлигимиз мустаҳкам бўлса, Рамазон ойи кунларида эзгу амаллар учун интилсак, ҳозирги синовлардан ёруғ юз билан ўтамиз.

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Мавзуга оид