Жаҳон | 03:37 / 30.04.2020
18045
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия коронавирусдан ўлимлар сони бўйича учинчи ўринга чиқди

Бирлашган Қироллик янги турдаги коронавирус оқибатида келиб чиққан ўлимлар сони бўйича жаҳонда учинчи ўринга чиқиб олди. Британия ташқи ишлар вазири Доминик Раабнинг чоршанба куни Лондонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, мамлакатда ўлимлар сони 26 мингдан ўтган.

Фото: AP / Alberto Pezzali

«Биз статистикага умумий ҳисобда қўшимча 3811 та ўлим ҳолатини қўшдик», — деган Рааб. Бунга сабаб сифатида вазир Британия соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикаси энди шу пайтга қадар бўлганидек фақат шифохоналарда эмас, қариялар уйи, ҳоспислар, шунингдек ўз уйида коронавирусдан вафот этганлар сонини ҳам ҳисобга олишини келтирган.

«Таассуфки, бугунги рақамлар ўтган суткага нисбатан мамлакатда коронавирус юқтирган 765 бемор вафот этганини кўрсатмоқда», — дея унинг сўзларини келтирмоқда ТАСС.

Ҳисоб-китоб услубининг ўзгариши натижасида бир суткада мамлакатда қайд этилган ўлимлар сони 21678 ҳолатдан 26 мингга етган. Шундай қилиб, бу кўрсаткич бўйича Буюк Британия ҳозир Италия ва АҚШдан ортда бормоқда.

Лекин, Раабнинг таъкидлашича, бу ҳолатда гап ўлим ҳолатларнинг кутилмаганда кескин кўпайиши ҳақида бормаяпти. Янгиланган статистика Бирлашган Қиролликда 2 мартдан 28 апрелгача қайд этилган ва ҳисобга олинмай келган ўлим ҳолатларини жамлаган. Боз устига, ўлим янги коронавирус туфайли юз бергани тасдиқланган ҳолатларгина ҳисобга олинган.

28 апрель куни Британия соғлиқни сақлаш вазирлиги 586 нафар ўлим ҳолати ҳақида хабар берган. Аввалги кунлар бу кўрсаткичлар 413 ва 360 ўлимга тенг бўлган, икки кун аввалги кўрсаткич 30 мартдан буён энг пасти бўлган. Бироқ, энди у яна суткасига 700-800 ўлим билан сўнгги икки ҳафта аввалги кўрсаткичга қайтган.

Айни пайтга келиб, Буюк Британияда янги коронавирус юқтирганлик бўйича олинган таҳлиллар 165 минг 221 кишида мусбат натижа берган. Сўнгги икки ҳафтада бу кўрсаткич 4,7 минг ҳолатга ўсган. Раабнинг таъкидлашича, Британияда эпидемиянинг авж нуқтаси ҳали босиб ўтилгани йўқ. 23 март куни жорий этилган карантин муддатидан жуда эрта ёки ҳаддан ташқари бўшаштирилса касалликнинг иккинчи тўлқини хавфидан қочиб бўлмайди.

Раабга кўра, мамлакат бугунги кунда суткасига коронавирус юқтирганликни аниқлаштирувчи 73 мингта тест ўтказишмоқда. Шу ойнинг охиригача бу кўрсаткич 100 мингтага етказилиши керак эди, бироқ логистика билан боғлиқ мураккабликлар туфайли талаб таклифдан пастроқ бўлиб турибди.

Мавзуга оид