Фан-техника | 21:18 / 30.04.2020
64546
3 дақиқада ўқилади

Covid-19'га қарши синалаётган дорилардан бири тузалиш жараёнини сезиларли тезлаштириши тасдиқланди

Кенг кўламда синалаётган ремдесивир препарати коронавирусдан даволашдаги биринчи эффектив дори воситаси деб топилиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Аллергик ва инфекцион касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучи маълум қилди.

Фото: Getty Images

АҚШнинг бош инфекционисти ремдесивир ҳақидаги ижобий янгиликни эълон қилар экан, бу хушхабарни 34 йил олдин ОИВдан даволашга ёрдам берадиган биринчи препарат – зидовудиннинг кашф этилишига ўхшатди.

«Синовлар шуни кўрсатмоқдаки, ремдесивир коронавирусдан соғайиш вақтини қисқартиришда катта ва аниқ-равшан ижобий таъсирга эга», дея Фаучининг чоршанба куни Оқ уйда ўтган матбуот анжуманидаги сўзларини келтирмоқда Politico.

Мутахассиснинг айтишича, «ремдесивир вирусни тўхтата олиши исботланган». Шу боисдан ҳам мазкур синовларнинг аҳамияти юқори деб баҳоланмоқда.

Клиник синовда ремдесивир билан даволанган беморлар плацебо қабул қилганлардан кўра 31 фоизга тезроқ соғайишяпти.

«Ремдесивир берилганлар орасида ўлим кўрсаткичи бирозгина паст, лекин ҳали ўрганилиши керак бўлган жиҳатлар кўп», – деди Энтони Фаучи.

Синов гуруҳида ўлим даражаси 8 фоиз, плацебо гуруҳида эса 11,6 фоизни ташкил этган.

Препаратни коронавирусга чалинганларни даволашда синаш 21 февралдан бошланган эди.

Икки ойдан ошиқроқ вақтдан буён давом этаётган тажрибалар бўйича ҳали якуний хулосага келинмаган, аммо олинган дастлабки натижалардан келиб чиқиб, экспертлар ремдесивирга катта умид боғлашмоқда.

BBC`нинг қайд этишича, клиник синовлар АҚШ, Осиё ва Европада Covid-19 ташхиси қўйилган мингдан зиёд беморни қамраб олган.

Тадқиқот доирасида пациентлар икки гуруҳга бўлинган: биринчи гуруҳдаги беморларга одатий даволаш курсидан ташқари ремдесивир ҳам берилмоқда, иккинчи гуруҳдагиларда плацебо эффекти синаляпти. Беморларнинг ўзлари қайси гуруҳда эканликларини билишмайди.

АҚШ Аллергик ва инфекцион касалликлар миллий институти берган дастлабки маълумотларга кўра, ремдесивир қабул қилаётган беморлар ўртача 11 кунда соғайишмоқда. Плацебо гуруҳидагиларнинг тузалиши учун эса ўртача 15 кун талаб этиляпти.

Агар якуний хулосалар оралиқ натижалардан катта фарқ қилмаса, ремдесивир кенг кўламдаги клиник синовлардан муваффақиятли ўтган Covid-19га қарши биринчи препарат бўлади.

Синовдаги дори воситаси Американинг Gilead Sciences биофармацевтик компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Компания ўз баёнотида препаратга ҳали лицензия берилмагани, ҳеч қайси давлатда расман рўйхатга олинмагани, унинг хавфсизлиги тўла-тўкис тасдиқланмаганини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон бўйлаб 200 мингдан ошиқ инсонни ҳаётдан олиб кетган Covid-19 касаллигига қарши ҳозирча махсус даво чоралари йўқ, беморлар фақат симптоматик даволанмоқда. Яъни ҳозирги даволаш инфекциянинг ўзига эмас, у келтириб чиқарган аломатларга қарши йўналтирилган.

Мавзуга оид