Жаҳон | 23:49 / 30.04.2020
7661
2 дақиқада ўқилади

Карантин чораларини жорий этмаслик Швеция иқтисодиётини қутқариб қололмаслиги маълум қилинди

Швеция пандемия шароитида имкон қадар ўз иқтисодиётини ҳимоя қилишга уринмоқда ва мамлакатда карантин чораларини жорий қилмаяпти. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 21 мингдан ошган, 2,5 минг киши вафот этган.

Фото: Johan Nilsson / Reuters

Коронавирус тарқалиши сабабли кескин карантин чораларини киритишдан воз кечиш Швеция иқтисодиётини қутқариб қололмайди. Бу ҳақда қиролликнинг Riksbank марказий банкига асосланиб CNBC хабар бермоқда.

Марказий банк 2020 йилдаги Швеция иқтисодиёти учун иккита сценарий тақдим этди. Қайд этилишича, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун бошқа давлатлардан фарқли равишда карантин чораларини жорий этишни истамаган Швеция учун ҳар икки ҳолатда ҳам рақамлар қувонарли эмас.

Иккала сценарийда ҳам Швеция ЯИМ кескин камаяди. Ижобийроқ сценарийда 2020 йил натижаларига кўра пасайиш 6,9 фоизни ташкил этади, 2021 йилда эса иқтисодиёт 4,6 фоизга тикланади. Ишсизлик даражаси 8,8 фоиз атрофида бўлади (ҳозирда 7,2 фоиз). Салбий сценарийда эса мамлакат ЯИМ 9,7 фоизга қисқаради, келаси йилда эса 1,7 фоизга ўсади. У ҳолда ишсизлик даражаси 10,1 фоизга етади.

Швеция пандемия шароитида имкон қадар ўз иқтисодиётини ҳимоя қилишга уринмоқда ва мамлакатда карантин чораларини жорий қилмаяпти. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 21 мингдан ошган, 2,5 минг киши вафот этган.

Халқаро валюта жамғармасининг тахминига кўра, 2020 йилда Европа мамлакатлари ЯИМ 7,5 фоизга камаяди. Энг кўп Италия ва Испания жабр кўради – бу мамлакатларда ЯИМ мос равишда 9,1 ва 8 фоизга пасаяди. 

Жаҳон иқтисодиёти эса 2020 йилда 3 фоизга пасайиши тахмин қилинган.

ХВЖ Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишлари бўйича ҳам тахминларини эълон қилган. Унга кўра, 2020 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати 1,8 фоизни ташкил қилади. Лекин 2021 йилда 7 фоизга чиқади. Инфляция 12,6 фоиз, келгуси йилда 10,6 фоиз бўлиши тахмин қилинган.

 

Мавзуга оид