Ўзбекистон | 17:11 / 01.05.2020
2551
3 дақиқада ўқилади

«Кўчма лабораторияларга эҳтиёж йўқ» – ССВ вакили коронавирус учун таҳлил олинадиган лабораториялар етарли эканини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов навбатдаги брифинг чоғида қатор саволларга жавоб берди.

Коронавирусни лаборатор текшириш усуллари – томоқдан суртма олиб текширишда, беморнинг вирусдан аниқ холи бўлганини аниқлаб бера оладими, яъни бу қай даражада ишончли?

– Ўзбекистонда COVID-19 вирусини аниқлаш учун ПЦР (полимераз занжир реакцияси) ишлатилади. Унинг аниқлаш фоизи жуда юқори булиб, 90 фоиздан ошади.

Карантиндан сўнг ҳам ниқоб тақиш, ҳимоя воситаларидан фойдаланиш давом эттириладими?

– Бу ўша пайтдаги вазиятга ЖССТнинг талаб ва тавсияларига боғлиқ. Масофа сақлаш ва гигиена қоидаларига риоя қилишга одатланиш бундан кейин ҳам, тавсиялар бўлиш бўлмаслигидан қатъи назар давом этса керак.

Сингапур университетининг Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши жорий йилнинг 24 майида тўхташига оид прогнози қанчалик ҳақиқат?

– Сингапур университети олимлари махсус дастурлар ёрдамида жойлардаги вазиятни ўрганиб, математик модел яратишган. Аммо уларнинг ўзлари ҳам бу математик ҳисоб-китоблар эканлиги ва улар реал ҳаётдан фарқланиши мумкинлигини тан олишган.

Ҳозирги ҳолатда шаҳардан шаҳарга, тумандан туманга ўтишдаги постларда автомобилларни дезинфекциялаш ишлари тўхтаб турибди. Дезинфекциялаш мажбурияти қолдирилдими?

– Эпидемиологик осойишталик агентлиги қайд этишича, ҳозирги кунда карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилиб, вилоятлараро қатновларга рухсат берилди. Аммо дезинфекциялаш тадбирлари бекор қилингани йўқ.

Бир танишим тест топширибди. Биринчи марта тест топшириш орқали таҳлил натижаси 50/50, яъни аниқ чиқмайди, фақат 14 кунлик кузатувдан сўнг аниқ натижа беради деяпти. Шу ростми?

– Бу нотўғри маълумот. Полимераз занжир реакцияси жуда аниқ жавоб беради. Иккинчи марта зарарланган бемор тузалганини аниқлаш учун анализ такрорланади.

Исроилда коронавирус текшириладиган будкалар ташкил қилингани ҳақида маълумотлар тарқалди. Бизда ҳам ана шундай тест олиш учун жойлар ташкил этилиши мумкинми?

– Ўзбекистонда коронавирусни аниқлаш учун анализ оладиган лабораториялар етарли миқдорда тайёрланган. Уларда керакли асбоб ускуналар, реактивлар ва ишлайдиган мутахассислар етарли. Шунинг учун кўчма лабораториялар очишга эҳтиёж йўқ.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид