Ўзбекистон | 20:15 / 02.05.2020
35953
1 дақиқада ўқилади

Қурбонлар йўқ, 138 киши қутқарилган. ФВВ Сардобадаги вазият тўғрисида маълумот берди

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида 1 май куни юз берган авария муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Миллий гвардия, ИИВ вакиллари билан биргаликда хавф ҳудудида қидирув-қутқарув ишларини фаол олиб бормоқда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Сув омборининг дамбасини қайта тиклаш мақсадида жами 100та юк ташиш техникаси орқали тош ва шағал етказиб бериш ишлари ташкиллаштирилган. 

Шунингдек, сувда қидирув-қутқарув операциясини ўтказиш ва содир бўлган вазиятга аниқ баҳо бериш, келтирилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида, вилоят Фавқудлодда вазиятлар бошқармасидан 75 нафар шахсий таркиб ва 13та махсус моторли қайиқлар жалб этилиб, қутқарув ва қидирув ишлари олиб борилди.

Қидирув-қутқарув ишлари вақтида қутқарилган фуқаролар моторли қайиқларни хавфсиз ҳудудларга кўчирилмоқда, шундан сўнг уларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишларида жами 138 киши тошқин оқибатларидан қутқарилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

«Ҳозиргача ўнлаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Одамлар ҳалок бўлгани ҳақида ахборот ҳозирча келиб тушгани йўқ», деган ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид