Rolls-Royce 8 минг ходимини ишдан бўшатмоқчи. Бу охирги 30 йилдаги энг катта қисқартириш
Британиянинг Rolls-Royce компанияси охирги 30 йилдаги энг йирик қисқартиришга қўл урмоқчи. Маълум бўлишича, 52 мингдан кўпроқ одам ишлайдиган корхона 8 минг ишчисини бўшатиши кутилмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берган.
Самолётлар учун аэродвигателлар ишлаб чиқарувчи Rolls-Royce йирик ишлаб чиқарувчилар Airbus ва Boeing томонидан буюртмалар сони кескин камайиб кетгани сабаб шундай қарорга келишга мажбур бўлган. Airbus ва Boeing охирги икки ҳафтада ишлаб чиқариш ҳажмини мос равишда 35 ва 50 фоизга қисқартирган. Коронавирус пандемияси сабаб авиакомпаниялар молиявий қийин кунларни бошдан кечирмоқда ва улар харажатларини қисқартириш мақсадида янги самолётлар сотиб олишни камайтирган. Талабнинг кескин камайиши авиасаноатнинг барча соҳаларига жиддий зарар келтирди.
Авиакомпаниялар ҳам ёппасига ишчиларини бўшатиши кутилмоқда. Масалан, Ryanair 15 фоиз ишчиларини (3 минг нафар) ишдан бўшатмоқчи. Шунингдек, British Airways`нинг 12 минг ходими ишсиз қолиши мумкин.
Financial Times`нинг Rolls-Royce`даги манбаларига кўра, корхонанинг касаба уюшмаси қисқартириш бўйича ишларни бошлаб юборган. Британиянинг йирик авиадвигателлар ишлаб чиқарувчи корхонасида охирги марта 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг бу қадар йирик қисқартиришга қўл урилган. Нью-Йоркдаги терактлардан сўнг корхона 5 минг ходимини ишдан бўшатишга мажбур бўлган. Бу галги қисқартириш эса каттароқ бўлиши кутилмоқда.
Rolls-Royce иқтисодий директори Стивен Дейт аллақачон ишчиларга қисқартириш ҳақида хабар бериб бўлган. Корхона 30 йил давомида илк марта дивидендлар беришни тўхтатди ва капитал харажатларни камайтирди. Шунингдек, Rolls-Royce йил охирида эркин капитал миқдорини 1 миллиард фунтга етказиш режасини ҳам бекор қилди.
Маълумот учун, эркин капитал деб йил охирида барча харажатлар ва солиқлардан ортган пул миқдорига айтилади. У қанчалик кўп бўлса, корхона акциялари қиймати шунчалик мустаҳкам бўлади ва янги режаларни амалга оширишда таваккал қилиш имконини беради. Шу боис Rolls-Royce янги авлод двигателлари ишлаб чиқариш бўйича UltraFan лойиҳасини кечиктиришга мажбур бўлган.
Rolls-Royce 2001 йилда амалга оширган қисқартиришда асосан менежер ва инженерлар бўшатилган бўлса, бу гал асосан заводлардаги ишчилар жабр кўриши кутилмоқда.
Мавзуга оид
16:41 / 31.08.2024
Роллс ва Ройснинг номи берилган бренд – қўлда йиғиладиган қимматбаҳо автомобил тарихи
07:10 / 03.08.2024
Rolls-Royce ҳар бир ходимига 700 фунт стерлинг қийматидаги акцияларни беради
18:40 / 17.10.2023
Rolls-Royce 2,5 минг ходимини ишдан бўшатади
11:27 / 30.05.2023