Роллс ва Ройснинг номи берилган бренд – қўлда йиғиладиган қимматбаҳо автомобил тарихи
Британияда ишлаб чиқариладиган Rolls-Royce автомобиллари азалдан ҳашамат белгисидир. Мазкур автомобиллар қўлда йиғилади ва уни асосан миллиардерлар, монархлар ва бошқа таниқли бой шахслар махсус буюртма билан сотиб олади.

Бугун автоишқибозлар Rolls-Royce деган номни эшитса бир энтикиб қўяди. Сабаби, бу компания автомобиллари қўлда йиғилгани учун анча ишончли ва қимматбаҳо ҳисобланади.
Бир дона Rolls-Royce автомобилини тайёрлаш учун ўртача икки ой вақт сарфланади. Компания томонидан шу кунгача ишлаб чиқарилган машиналарнинг 65 фоизи ҳанузгача фойдаланувда.
Қизиғи шундаки, компания 1907 йилдан 1958 йилгача автомобиллар учун двигател ва шасси ишлаб чиқарган. Буюртмачи автомобил кузови ва салони интерерини ўзи танлаган. Rolls-Royce унинг танлови бўйича автомобилни жиҳозлаб берган.
Phantom IV автомобили Rolls-Royce автомобиллари орасида энг обрўлиси ҳисобланади. Бу машинадан фақат Британия қироллик оиласи ва бошқа бир нечта давлат раҳбарларига тайёрлаб берилган. Ундан 1950 йилдан 1956 йилгача бор-йўғи 18 дона ишлаб чиқарилган.
Rolls-Royce автомобилларининг энг йирик коллекционери ҳиндистонлик Бҳагван Шри Ражниш ҳисобланади. Унда турли русумлардаги 93 та Rolls-Royce бор.
Бошқа бир ҳинд моҳаражаси Палиала Бҳупиндер Rolls-Royce автомобилларидан чиқинди йиғувчи сифатида фойдаланган. Гап шундаки, моҳаража оддий кийим билан Rolls-Royce автомобиллари сотиладиган салонга кирганида сотувчи уни қувиб юборади.
Бундан жаҳли чиққан моҳаража бир нечта Rolls-Royce’ни сотиб олади ва Ҳиндистонда улардан чиқинди йиғувчи автомобил сифатида фойдаланади. Шундан сўнг компания сотувчини ишдан бўшатиб, моҳаражадан узр сўраб чиқади ва унга яна бир нечта автомобилни совға сифатида юборади.
Аҳоли сонига ҳисоблаганда энг кўп Rolls-Royce Ҳонгконгда рўйхатга олинган. Уларнинг аксарияти Ҳонгконг Британия таркибида бўлган пайтда бойлар ва Ҳонгконг ҳукумати аъзолари томонидан сотиб олинган.
Ролсс ва Ройс ташкил этган компания
Rolls-Royce компаниясининг тарихи 20-аср бошларига бориб тақалади. 1903 йилда муҳандис-электрик Ҳенри Ройс французлар ишлаб чиқарган Decauville автомобилини сотиб олади.
Ўшанда Ҳенрига автомобилнинг конструкцияси, ички ва ташқи кўриниши ёқмайди. Шундан сўнг у Decauville базасида ўз автомобилини ишлаб чиқаради ва уни Чарлз Роллс исм-шарифли кимсага сотади.
Чарлзга машина ёқиб қолади, у Ҳенрига ҳамкорлик таклиф қилади. 1904 йилда Ҳенри Ройсга тегишли Royce Company ва Чарлз Роллс эгалик қиладиган C.S. Rolls and Co. автомобил ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришади.
Орадан икки йил ўтгач, шериклар ўз компанияларини бирлаштиради ва унга иккаласи ўз фамилиясини ном сифатида танлайди. Шу тариқа Rolls-Royce пайдо бўлади.
Французларнинг Decauville автомобили базасида бир нечта автомобил ишлаб чиқарган шериклар орадан 1 йил ўтиб, 1905 йилда Silver Ghost номи билан ўз автомобилларини тайёрлайди.
1910 йилда Чарлз Роллс 32 ёшида авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлади. Гап шундаки, Чарлз бошданоқ учувчи қурилмаларга қизиқарди ва у 1898 йилдан бошлаб ҳаво шарларида уча бошлайди.
Кейинчалик моҳир муҳандис бўлиб етишган йигит C.S. Rolls and Co. компаниясини ташкил этади. Ҳенри Ройс билан шерик бўлгач автомобиллар билан бирга учувчи қурилмалар ва самолётлар учун двигателлар ишлаб чиқара бошлайди.
1910 йилда Чарлз аэропланларда учиш учун Жон Мурдан сўнг Британияда иккинчи бўлиб махсус рухсатнома олади. Ўша йили 2 июн куни у аэропланда Ла-манш бўғози устидан учиб, орқага қайтади.
Бу ўша пайтда Ла-манш устидан учинчи марта учиб ўтиш эди. Чарлзгача бу ишни Луи Бдерио ва Жака Лессепса амалга оширган эди.
2010 йил 12 июл куни Чарлз ўз бошқарувидаги аэроплан билан Борнмут шаҳри яқинида ўтказилган авиашоуда қатнашаётиб, ҳалокатга учрайди ва вафот этади. У Британия тарихида авиаҳалокатда ҳалок бўлган биринчи учувчи ҳисобланади.
Чарлзнинг вафотидан сўнг кўп ўтмай Ҳенри Ройснинг соғлигида муаммолар пайдо бўлади ва врачлар унга иқлим ўзгартиришни маслаҳат беради. Шу тариқа Rolls-Royce компанияси бошқаруви Клод Жонсон исм-шарифли шахсга ўтади. Ҳенри Ройс вақти вақти билан унга ёрдамлашиб туради.
1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошлангач, Rolls-Royce зирҳланган автомобиллар ва самолётлар учун двигателлар ишлаб чиқара бошлайди. 1915 йилда компания 5 минг дона авиадвигател тайёрлайди.
Компания маҳсулотлари тез суръатда оммалашади. Ҳатто Биринчи жаҳон урушида Антанта давлатлари фойдаланган самолётларнинг ярмида Rolls-Royce двигателлари ўрнатилганди.
1920-йиллар бошларида Rolls-Royce’га автомобиллардан кўра авиадвигателлар кўпроқ фойда келтира бошлайди. 1931 йилда компания Британиядаги яна бир автомобил ишлаб чиқарувчи Bentley Motors компаниясини сотиб олади.
Умумий ҳисобда Чарлз Роллс вафотидан сўнг Ҳенри Ройс 30 тача автомобил ва бир нечта авиадвигател лойиҳасини тайёрлайди.
1931 йилда Rolls-Royce АҚШда ўз корхонасини очмоқчи бўлади. Бироқ бу иш муваффақиятсизлик билан тугайди.
1933 йилда Генри Ройс 70 ёшида вафот этади. У ўлимидан олдин PV-12 авиадвигателини ясайди. Кейинчалик ана шу двигател учун Британия ҳарбий ҳаво кучлари Rolls-Royce билан йирик шартнома имзолайди. Компания буюртмаларни вақтида тайёрлаб бериш учун яна иккита завод очади.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида компания асосан Британия армиясига авиадвигателлар етказиб бериш билан шуғулланади. Айниқса, компания томонидан яратилган, дунёдаги биринчи газ турбинали Merlin VI2 двигатели муваффақиятли сотилади.
1945 йилда Rolls-Royce корхоналарида 50 минг одам меҳнат қилар, компания Британиядаги йирик иш берувчилардан бирига айланиб улгурганди.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Rolls-Royce ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқаришда давом этади. Ўша пайтда мижозлар орасида Британия қироллик оиласи ва бошқа зодагон оилалар ҳам бор эди.
Жумладан, 1950 йилда Эдинбург герцоги ва малика Елизавета шахсий фойдаланиш учун Mulliner-Park-Ward фирмасининг кузови билан жиҳозланган Phantom-IV автомобилини буюртма беради.
Шу ўринда муҳим бир маълумот, Rolls-Royce компанияси 1980-йилларгача ўзи ишлаб чиқарган автомобилларнинг асосан шассисини тайёрлаган. Мижознинг талабига қараб унга бошқа фирмалар тайёрлаган кузовлар ўрнатилган.
Кейинчалик, автосаноат кескин ривожлангач, компания автомобилларнинг барча қисмларини ўзи тайёрлашга ўтади. Унгача Mulliner-Park-Ward фирмаси билан ҳамкорлик қилинади.
Банкротлик
1960-йиллардан бошлаб компаниянинг ишлари орқага кета бошлайди. Оқибатда 1971 йилда Rolls-Royce банкрот деб эълон қилинади. Шундан сўнг Британия ҳукумати компанияни асраб қолишга қарор қилади ва 250 млн доллар ажратади.
Ўша пайтгача компаниянинг барча бўлимлари битта бошқарувда эди. Ҳукумат пул ажратгандан сўнг унинг автомобилсозлик, авиадвигателлар, локомотивлар ва енгил самолётлар ишлаб чиқарувчи бўлимлари алоҳида қилинади.
Автомобилсозлик бўлими Rolls-Royce Motor Holding деб аталади. Йирик самолётлар учун реактив двигателлар ишлаб чиқарувчи бўлим эса Rolls-Royce Ltd тасарруфига ўтказилади. Шундан сўнг Rolls-Royce компаниясининг турли бўлимлари сотиб юборилади.
Масалан, турли двигателлар ишлаб чиқарувчи бўлим 1980 йилда Vickers plc компаниясига сотилади.
Маълумот учун, товушдан тез учувчи Конкорд самолётларига ҳам айнан Rolls-Royce Ltd компаниясида тайёрланган реактив двигателлар ўрнатилганди.
1987 йилда компания хусусийлаштирилади ва Rolls-Royce plc деб қайта номланади. Шундан сўнг Rolls-Royce plc акциялари Лондон фонд биржасига чиқарилади. Компания акцияларининг асосий қисми ҳукумат тасарруфида қолади.
1999 йилда Vickers plc компанияси Rolls-Royce’ни сотувга қўяди. Унга Rolls-Royce ва Bentley автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар етказиб берадиган BMW компанияси харидор бўлади ва 340 млн фунт стерлинг таклиф қилади.
Кўп ўтмай Rolls-Royce’ни 430 млн фунт стерлинг таклиф қилган Volkswagen компанияси сотиб олади. Ўшандан буён Rolls-Royce ўзида 20 га яқин брендни бирлаштирган Volkswagen Group корпорацияси таркибида қолмоқда.
Rolls-Royce автомобиллари қандай тайёрланади?
Rolls-Royce’нинг асосий заводи Англиядаги Гудвуд шаҳрида жойлашган. Асосий йиғув цехи 500 метрлик улкан бинода жойлашган. Бу ерда автомобиллар қўлда йиғилади.
Rolls-Royce автомобиллари асосан буюртма бўйича тайёрланади. Шу сабабли 2023 йилда компания бор-йўғи 4 минг донадан ошиқроқ автомобил тайёрлаб сотган.
Компания мижозлари орасида миллиардерлар, монархлар ва бошқа таниқли шахслар бор. Rolls-Royce автомобилларига бой мижозларнинг таъбига қараб энг яхши материаллар ишлатилади.
Масалан, чарм ишлатиладиган жойларига буйволлар терисидан фойдаланилади. Ёғоч билан безак бериладиган жойларига эса Ҳавайи оролларида ўсадиган коа дарахти ёғочи ишлатилади.
Автомобил салони ва кузовининг устки қисмига буюртмачининг хоҳишига қараб безак берилади. Автомобил нархи унинг жиҳозланишига қараб ўзгариб бораверади.
Маълумот учун, 2024 йилнинг энг қиммат автомобили деб Rolls-Royce La Rose Noire Droptail топилган. Номини ошкор қилмаган буюртмачи ушбу автомобил учун 40 млн доллар тўлаб берган.
Rolls-Royce Boat Tail автомобили эса қарийб 30 млн долларга нархланади. Бу автомобилдан буюртмачиларнинг хоҳишига қараб бор-йўғи уч дона ишлаб чиқарилган.
Rolls-Royce’нинг энг машҳур моделлари
Rolls-Royce 10 h.p. (1904 йил)
Rolls-Royce 10 h.p. модели Чарлз Роллс ва Ҳенри Ройс томонидан ишлаб чиқарилган энг биринчи автомобил эди. Бу автомобил илк бор 1904 йилда Париж автосалонида намойиш этилган.
Rolls-Royce 10 h.p. 1906 йилгача тайёрланган. Шундан сўнг икки ҳамкор Rolls-Royce 15 h.p., Rolls-Royce 20 h.p., Rolls-Royce 30 h.p. каби русумларини ишлаб чиқаради.
Rolls-Royce 10 h.p. ўз даврининг энг яхши автомобилларидан бири бўлган. Бироқ у мукаммаллигидан эмас, шунчаки Rolls-Royce компаниясининг биринчи автомобили бўлгани учун машҳур бўлган.
Rolls-Royce 40/50 Silver Ghost (1906)
Rolls-Royce 40/50 Silver Ghost автомобили компаниянинг муваффақиятли лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу автомобил 1906 йилдан 1926 йилгача, 20 йил мобайнида ишлаб чиқарилган.
Компаниянинг биринчи автомобили бўлган Rolls-Royce 10 h.p. билан таққослаганда Silver Ghost автомобили анча ҳашаматли эди.
Кейинчалик бу автомобил базасида компания ҳарбийлар учун пулемёт билан жиҳозланган ва зирҳланган Rolls-Royce Armoured Car. автомобилини ишлаб чиқарган ва уларни Британия армиясига етказиб берган.
Шунингдек, Rolls-Royce компанияси буюртма асосида Silver Ghost автомобилининг қорда юра оладиган вариантини ҳам тайёрлаган. Бу автомобилда орқа ғилдираклар ўрнида занжирли гусницалар, олд ғилдирак остига йирик чанғилар ўрнатилганди.
Silver Ghost автомобилларидан бири 2005 йилда 35 млн долларга суғурта қилинади ва ўша йили дунёнинг энг қиммат автомобили деб топилади.
Rolls-Royce Phantom III (1936)
Rolls-Royce Phantom III автомобиллари 1936-1939 йилларда ишлаб чиқарилган ва у ўзидан аввалги Rolls-Royce Phantom II автомобилининг давомчиси эди.
Бу автомобилдан 800 тага яқин тайёрланган бўлиб, уларнинг аксарияти инглиз зодагонларига сотилган эди. Rolls-Royce Phantom III автомобиллари жуда катта ўлчамдалигига қарамасдан двигатели ҳам анча кучли бўлган.
Автомобил ҳар 100 километрга 28 литр ёқилғи сарфлаган ва 100 тезликка эришиш учун 17 сония кифоя қилган.
Rolls-Royce Silver Shadow (1965)
Rolls-Royce Silver Shadow автомобиллари 1965 йилдан 1980 йилгача ишлаб чиқарилган. Бу автомобилдан 30 минг донадан ошиқ тайёрланган ва у Rolls-Royce автомобиллари орасида энг кўп ишлаб чиқарилган модел ҳисобланади.
Бу машина ҳам катта ўлчамда бўлган ва унинг узунлиги 5 270, эни 1 803 миллиметрни ташкил этган. Оғирлиги 2,1 тоннадан ошган.
Rolls-Royce Silver Shadow автомобилларининг икки эшикли кабриолет русуми ҳам ишлаб чиқарилган. Бироқ ўзига тўқ мижозлар кўпроқ унинг тўрт эшикли русумини харид қилган.
Rolls-Royce Corniche (1971)
Rolls-Royce Corniche автомобиллари 1971 йилдан 1195 йилгача ишлаб чиқарилган. Бу автомобилдан компания қарийб 7 минг дона тайёрлаган.
Улардан 6 262 донаси Rolls-Royce Corniche, қарийб 600 донаси Bentley Corniche номи билан ишлаб чиқарилган.
Rolls-Royce Corniche автомобиллари икки эшикли бўлиб, улар купе ва кабриолет кузовлар билан мижозларга етказиб берилган. Бу автомобил ҳам йирик ўлчамда бўлган. Унинг узунлиги 5 169, эни 1 829 миллиметрни ташкил этган.
Rolls-Royce Corniche’га 240 от кучига эга двигател ўрнатилган ва у соатига 190 км тезликда юра олган. Автомобилнинг оғирлиги 2 185 кг бўлган.
Rolls-Royce Camargue (1975)
Rolls-Royce Camargue автомобиллари 1975 йилдан 1986 йилгача ишлаб чиқарилган. Икки эшикли седан кузовга эга бўлган бу автомобилдан 500 донадан ошиқ тайёрланган.
Ушбу автомобил илк ишлаб чиқарилганда Британияда унинг нархи 29 250 фунт стерлингни ташкил этган. Кўплаб бойлар буюртма бериб Rolls-Royce Camargue автомобилларига эга бўлган.
Ушбу автомобилнинг узунлиги 5 169, эни 1 918 миллиметр бўлган ва оғирлиги 2,3 тоннадан ошган. Rolls-Royce Camargue автомобиллари чекланган миқдорда Европа, АҚШ, Канада, Австралия ва Осиё давлатларида сотилган.
Rolls-Royce Silver Spirit (1981)
Rolls-Royce Silver Spirit автомобиллари 1980 йилдан 1997 йилгача ишлаб чиқарилган. Аввалгиларидан фарқли ўлароқ Rolls-Royce Silver Spirit люкс синфига эга, тўлақонли (яъни 4 эшикли) автомобил бўлган.
17 йил давомида бу автомобил бир неча марта янгиланган ва унинг Марк I, Марк II, Марк III, Марк IV ва Марк V номлари билан сотилган.
Шунингдек, бу автомобил базасида чекланган миқдорда Rolls-Royce Park Ward Limousine ва Rolls-Royce Silver Spur Limousine лимузинлари ҳам тайёрланган.
Rolls-Royce Silver Spirit автомобили ҳам йирик ўлчамда бўлган ва унинг узунлиги 5 395 миллиметргача, эни 1 887 миллиметр бўлган. Лимузинларнинг узунлиги 6 620 ва эни 2 111 миллиметрни ташкил этган.
Rolls-Royce Silver Seraph (1998)
Rolls-Royce Silver Seraph автомобиллари 1998 йилдан 2002 йилгача ишлаб чиқарилган. У биринчи марта 1998 йилда Женева автосалонида намойиш этилган.
Тўрт эшикли седан бўлган ва люкс синфига мансуб бу автомобилдан жами 1 570 дона тайёрланган. Илк ишлаб чиқарилган пайтда унинг нархи Британияда 155 минг фунт стерлинг, АҚШда 220 минг доллар бўлган.
Rolls-Royce Silver Seraph автомобиллари ҳам йирик ўлчамда тайёрланган. Унинг узунлиги 5 639, эни 1 933 миллиметр бўлган.
2001 йилда Rolls-Royce Silver Seraph русуми асосида Park Ward автомобиллари ишлаб чиқарилган. Аввалига компания бу русумдан 200 дона тайёрлашни режа қилади. Бироқ 127 дона тайёрлангач бу русумни ишлаб чиқариш тўхтатилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамоққа олинди
Жамият | 09:52 / 10.04.2025
Хитой ўз фуқароларини АҚШга бормасликка чақирди
Жаҳон | 22:59 / 09.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Москвадаги ҳаммомда қирғизистонлик мигрантларга қарши рейд ўтказилди
Жаҳон | 14:55
-
Йўл ҳаракати қоидалари янги огоҳлантирувчи ва қўшимча ахборот белгилари билан тўлдирилади
Ўзбекистон | 14:51
-
Мисрдан узилаётган Ғазо, Трампнинг Россияга чақириғи ва «Бож уруши»да чекинмаётган Хитой — кун дайжести
Жаҳон | 14:26
-
Эстония Болтиқ денгизида Россиянинг «соядаги флоти» танкерини қўлга олди
Жаҳон | 13:58
Мавзуга оид

22:40 / 08.04.2025
Импортга чекловлар: масъул ва фаоллар ўртасида қизғин тортишув

09:00 / 07.04.2025
2025 йил учун энг ишончли автомобиллар эълон қилинди: улар орасида Tahoe ҳам бор

08:20 / 07.04.2025
Сўнгги 5 йилда нархи энг кам пастлаган ликвид автомобиллар саналди

18:02 / 05.04.2025