«Сардоба» сув омбори Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, Ўзбекистондаги йирик сув иншоотлардан бири ҳисобланади. Ушбу мегаинвестицион лойиҳа 2010-2017 йиллар давомида амалга оширилган. Унга сув Жанубий Мирзачўл каналидан келиб қуйилади.

Гидротехника иншооти 922 миллион кубометр сувни ўз ичига олади, шунингдек Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ерларини суғориш учун мўлжалланган.

2020 йил 1 май куни соат 05:55да «Сардоба» сув омбори дамбаси деворининг 6 пикетида сув сизиб чиқиши натижасида ҳудудда сув тошқинлари содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия воқеага жойида тегишли ишларга киришди.

Ҳукумат комиссияси тузилиб, аввалига бош вазир, кўп ўтмай президент Шавкат Мирзиёев вертолётда воқеа жойига етиб борди.

Дастлаб ушбу ҳудудга яқин жойлашган «Қўрғонтепа» МФЙ, «Дўстлик» МФЙ, «Юртдош» МФЙ, «Қўйтош» МФЙ, «Ота юрт» МФЙ, «Бирлик» МФЙдан аҳоли эвакуация қилинди. Кун давомида яна ўн минглаб кишилар Сирдарёнинг бошқа туманларига ва қўшни Жиззах вилояти ҳудудига кўчирилди.

Ҳуқуқшунос ва лойиҳаларни бошқариш бўйича ҳаваскор мутахассис сифатида ушбу вазиятга ҳуқуқий ва лойиҳаларни бошқариш нуқтайи назаридан ўз фикримни билдиришни лозим деб топдим.

Кўпчиликка маълумки, бундай йирик инвестицион лойиҳалар режалаштирилишида унинг хизматга яроқлилиги жиҳатидан узоқ муддатга қаратилган бўлади. Бу жиҳатдан, мазкур инвестицион лойиҳа ўз мақсадига эришишида лойиҳалаштиришнинг қўпол бузилиши аломатлари мавжуд, дейишга асос бўлмоқда.

Чунки, лойиҳа тасдиқланиб ишга киришишдан аввал бир неча жараён гуруҳларидан ва билим соҳаларидан аниқ ҳисоб-китоблар ва таҳлил босқичларидан ўтади. Ушбу инвестицион лойиҳанинг мақсади олий бўлганига ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо унинг тўғри режалаштирилганига шубҳа пайдо бўлмоқда. Бу шубҳа, албатта, ўта шахсий.

Ҳали ҳеч қандай реал фактларга асосланишнинг имкони йўқ. Чунки ушбу мақола воқеа содир бўлганига бир неча соат бўлган вақтда ўша куннинг ўзида ёзилмоқда. Ҳали мутахассислар якуний хулоса беришганича йўқ.

Лекин оммавий ахборот воситаларида бугуннинг ўзида (1 май) соат 19:00даги мутахассисларнинг дастлабки хулосалари сифатида айтилишича, сув омбори дамбаси деворининг 6 пикетидан сув оқиб чиқишига «кечаси ёғган кучли ёмғир ва шамол» асосий сабаб бўлган.

Аммо мени ҳайрон қолдирган жиҳати 2020 йил 30 апрелда Сирдарё вилоятида кучли ёмғир бўлгани йўқ-ку?! Буни гидрометеорология хизмати хабарлари ҳам тасдиқлайди. «2020 йил 30 апрель, пайшанба куни Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +12..+17, кундузи +23..+28 даража иссиқ бўлади».