Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўққизта ҳудудда сел келиш хавфи эълон қилинди
Эҳтимолий ёмғирлар сабаб Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида сел келиши мумкин.
Фото: Kun.uz
8–12 май кунлари кутилаётган ёмғирлар сабаб республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» огоҳлантирди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ҳамда Музработ туманларида сел келиши хавфи мавжуд.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой ва Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманларида ҳам сел-сув тошқини ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Сел Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларига, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманларига ҳам хавф солмоқда.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманларида, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод ва Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ҳам сел келиши мумкин.
«Ўзгидромет» тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришни сўради. Шунингдек, айрим ҳудудларда ёмғир сувлари тўпланиб, ҳудудларни сув босиши эҳтимоли ҳам борлиги қайд этилди.