Жамият | 22:43 / 04.05.2020
3909
4 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича ўтказилган ўрганиш якунлари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Сенати ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳамкорликда ўтказиладиган ўрганишлар дастури ишлаб чиқилган эди. 

Фото: Senat.uz

Дастурга кўра Андижон вилоятида президент топшириқлари ижроси, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳалар ҳолати, бюджетга қўшимча манбаларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилиб, таҳлил қилинди.

4 май куни Сенатда мазкур ўрганишлар якунларини муҳокама қилиш бўйича онлайн видеоконференция тарзида қўшма масофавий мажлис бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати.  

Парламент юқори палатасида янги ташкил этилган бошқарма Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш жараёнлари устидан ҳудудлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда назорат олиб боради. Андижон вилоятида ўтказилган ўрганиш натижаларини таҳлил қилишда ҳам бевосита иштирок этди.

Мажлисда ўрганиш якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан маълумотлар берилиб, вилоят ҳокимлиги ва тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Хусусан, Ўзбекистон президентининг топшириқлари ижросини таъминлаш, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳамда инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишдаги муаммолар ва масъулларнинг жавобгарлиги муҳокама қилинди.

Ўтказилган таҳлиллар натижасида маҳаллий бюджетга 92 млрд. сўмдан зиёд қўшимча даромадларни жалб этиш имконияти мавжудлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бандликни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишга маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 40 фоизи сарфланиши белгиланган, лекин бу мақсадларга умуман мазкур маблағлардан ажратилмаган. Шунингдек, қўшимча манбаларнинг 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга сарфланиши лозим бўлгани ҳолда умуман сарфланмаган. Қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 112,4 млрд. сўм манбасиз ва мақсадсиз харажатларга йўл қўйилган.

Жумладан, аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга ажратилган 4,9 млрд. сўмлик маблағлар самарасиз сарфланганлиги ҳисобига 2018 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган Хонобод шаҳридаги “Тейит”, “Фозилмон” ва “Хидирша” МФЙлар, Андижон туманидаги “Нўхатак” МФЙ, Хўжаобод туманида жойлашган “Хидирша” МФЙда сув тармоқларини қуриш ишлари якунига етказилмаган ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаган.

Шунингдек, мажлисда вилоятдаги 9 та ижтимоий соҳа объектини қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун тузилган лойиҳа-смета хужжатларида кўзда тутилган 1,2 млрд. сўмлик жиҳоз ва ускуналар ўрнига бошқа турдаги жиҳоз ва ускуналар ўрнатилганлиги сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Жумладан, Избоскан туманидаги 29-сонли умумтаълим мактаби биносини реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатидаги қиймати 342 млн. сўмлик 2 дона иситиш печи ўрнига лойиҳа-сметада кўзда тутилмаган, аввал фойдаланилган нархи номаълум 2 дона иситиш печи ўрнатилган.

Сенат аъзолари аниқланган ҳолатларга жиддий эътироз билдириб, қатор мутасаддиларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритди.

Мажлисда маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш йўналишида аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тўпланган материаллар Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилганлиги маълум қилинди.

Шу билан бирга, вилоят раҳбариятига ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, қўшимча даромад манбаларини жалб қилиш юзасидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда камчиликларга йўл қўйган раҳбар ходимларнинг масъулиятини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўрганишлар Олий Мажлис Сенати ва Ҳисоб палатаси ҳамкорлигида ўтказилиши келишиб олинди.

Мажлисда Андижон вилоятида ўтказилган ўрганиш якунларига доир Қўмитанинг қарори қабул қилинди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид