Жамият | 09:50 / 04.05.2020
10205
2 дақиқада ўқилади

ИИВ фуқароларни сохта хайрия йиғимларидан огоҳ бўлишга чақирди

Ижтимоий тармоқда сохта хайрия йиғимлари каби фирибгарлик ҳолатларига гувоҳ бўлинса, ички ишлар органларига хабар бериш сўралган.

Айни вақтда мамлакатда коронавирус пандемиясини тарқалишини олдини олиш мақсадида бошқалар кўмагига муҳтож оилаларга ёрдам бериш, Бухоро, Самарқанд, Жиззах вилоятида содир бўлган табиий офатлар, Сирдарё вилоятида кузатилган оғир оқибатли сув тошқини сабаб ҳукумат, ҳокимликлар, вазирликлар ва бошқа давлат идоралари томонидан кўплаб хайрли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда, деб ёзади ИИВ ахборот хизмати.

Билдирилишича, бу борада бир қанча кўнгилли ва саховатпеша фуқаролар томонидан талафотларни бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчириш, уларга шароитлар яратиш борасида имкон қадар ёрдам қўллари чўзилмоқда.

“Афсуски, мана шундай мураккаб вазиятда ҳам ўзининг шахсий манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринаётган, саховатпеша юртдошларимизнинг хайрия маблағларига фирибгарлик йўли билан эга чиқишга уриниш  ва айрим ҳолларда ёрдам бериш истагидаги юртдошларимиз томонидан уларнинг алдовларига ишониб қолиши ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли кўринишдаги сохта хайрия гуруҳлари ва жамғармалари ҳақидаги мурожаатларга ишонмасдан, савоб умидида бермоқчи бўлган маблағларингизни фирибгарларнинг ҳисобига ўтказиб юбормаслик ва алданиб қолмаслик учун, аввало хайрия маблағлари йиғилаётганлиги ҳақидаги ҳар бир хабарни текшириб кўриб, уларнинг расмий эканлигига ишонч ҳосил қилинг.

Ижтимоий тармоқда ёки атрофингизда шу каби фирибгарлик ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз зудлик билан ички ишлар органларига хабар беринг”, - дейилади ИИВ хабарида.

Мавзуга оид