Ўзбекистон | 14:57 / 04.05.2020
18059
2 дақиқада ўқилади

Карантинни босқчима-босқич юмшатиш учун нималар инобатга олиниши маълум қилинди

Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда 10 майдан сўнг коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб бораётган ҳудудларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатишга доир чора-тадбирлар қай тартибда амалга оширилишига изоҳ берди.

«Карантин тадбирларини босқимча-босқич юмшатишда республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш динамикаси ҳолати инобатга олиниши кўзда тутилган.

Ҳудудлар кесимидаги таҳлил, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда коронавирус касаллиги тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича Республика мувофиқлаштириш комиссиясининг махсус қарори билан жорий этилган чекловлар босқичма-босқич бекор қилинади.

Албатта, бунинг учун алоҳида талаблар, босқичлар акс этган карантинни ечиш бўйича ҳужжат ишлаб чиқилади. Лекин карантин бекор қилингани расман эълон қилинмагунча карантин вақти учун белгиланган Санитария-гигиена қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлар талабларига тўлиқ риоя этилиши талаб қилинади», деди Нурмат Отабеков.

У бугунги кунга қадар республикада коронавирус касаллиги умуман қайд этилмаган қишлоқлар, туманлар кўплигини қайд этиб ўтди. Айни вақтда Жиззах, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари коронавирусдан холи ҳудудга айланган.

Нурмат Отабеков карантин чекловлари юмшатилиши ёки тугатилиши ҳақидаги турли норасмий манбаларга ишонмасликка чақирди.

«Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 2 кундан кейин карантин чекловлари тугаши ҳақида хабарлар тарқалган. Бу мутлақо асоссиз. Карантинни ўрнатиш ва уни бекор қилиш - Коронавирус касаллиги кириб келишининг ва тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича Республика мувофиқлаштириш комиссиясининг ваколати ҳисобланади. Бошқа норасмий манбаларга ишониш ва уларни тарқатиш керак эмас», дея таъкидлади Нурмат Отабеков.

Жиноят кодексининг 244 (прим 5) - моддасига мувофиқ, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик борлиги эслатиб ўтилди.

Мавзуга оид