Жаҳон | 00:21 / 06.05.2020
10458
3 дақиқада ўқилади

Трамп жангариларнинг Венесуэлага бостириб киришга уринишига АҚШнинг алоқаси йўқлигини айтди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг таъкидлашича, Вашингтоннинг Венесуэлага хорижий кучларнинг бостириб киришга уриниши билан боғлиқ охирги воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque

Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда АҚШ раҳбарияти Венесуэладаги воқеаларга алоқаси йўқлигини айтган. “Мен ҳозиргина бу ҳақида маълумот олдим. Ҳукуматимизнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз буни аниқлаймиз”, деб айтган Оқ уй раҳбари.

Венесуэлада 3 май куни Колумбия томондан бир гуруҳ жангариларнинг бостириб киришга уриниши бартараф этилганди. Ҳужум вақтида 8 жангари йўқ қилинган, бир нечтаси қўлга олинган. 

Венесуэла президенти Николас Мадуро қўлга олинган 13 киши орасида 2 америкалик борлигини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, бостириб киришга уриниш Вашингтон билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Ҳужумдан мақсад Венесуэлага денгиз томондан бостириб кириб, қонуний ҳокимиятни ағдариш бўлган.

Мадуро давлат телевидениеси орқали чиқишида ёлланма жангарилар ёнидан гиёҳванд моддалар, долларлар, қурол, сунъий йўлдош телефонлари, радиоқабулқилгичлар, тунги кўриш мосламалари топилганини маълум қилган. У қўлга олинганлардан бирининг берган кўрсатмаларига асосланиб, жангарилар гуруҳида гўёки Трампнинг шахсий қўриқлаш хизматининг икки ходими бўлганини маълум қилган.

Таъкидланишича, сўроқ вақтида жангарилар Мадурони ҳокимиятдан четлатиш учун АҚШ ва Колумбия буюртмаси бўйича ҳаракат қилишганини тан олган.

Бироқ АҚШ ва Колумбияда бу айбловлар рад этилмоқда. 

Мадуро Трамп АҚШда коронавирус олиб келган “гуманитар фожиа”дан жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун “пандемия вақтини теракт содир этишда қўллашга қарор қилганини” айтган.  

Венесуэлага бостириб кириш операциясини ўтказиш учун жавобгарликни махсус кучларнинг собиқ жангчиси, Флоридадаги Silvercorp USA қўриқлаш компанияси раҳбари Жордан Гудро ўз зиммасига олган. У The Washington Post нашрига берган интервьюсида АҚШ фуқаролари Айран Берри ва Люк Денман ҳамда Венесуэланинг 6 фуқароси 60 кишидан иборат гуруҳ таркибида бўлгани ва қўлга олинганини тасдиқлаган. Шунингдек, операциянинг раҳбарларидан бири, Венесуэла армияси собиқ капитани Антонио Секеа ҳам қўлга олинган.

 

Мавзуга оид