Буюк Британияда коронавирус сабаб ўлимлар сони кескин ошиб кетиши ва мамлакатнинг Европадаги энг кўп ўлим ҳолати қайд этилган давлатга айланишига ҳукумат томонидан кетма-кет йўл қўйилган хатолар сабаб бўлди.

6 май куни ушбу мамлакатда вирус туфайли вафот этганлар сони 30 минг 76 кишига етди. Ушбу қўрқинчли рақамлар Британияни ўлим кўрсаткичи бўйича дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринга олиб чиқди.

Вақт қўлдан бой берилди

Буюк Британияни ушбу даҳшатли нуқтага судраб келган хатолар занжири эпидемияга қарши курашга ҳозирлик кўриш учун вақт мавжудлигига қарамай, ҳукумат уни бекорга сарфлагани туфайли юзага келди. Илк ҳолат 31 январь куни қайд этилганди. Дастлабки ўлим эса 6 март куни рўй берди. Ҳолбуки, ўша пайт Италияда вафот этганларнинг умумий сони 197 нафарга, вирус билан касалланиш ҳолатлари сони 3916тага етганди.

12 март куни вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатларни кузатиш бекор қилинди ва тестлар фақат шифохоналарда, шунда ҳам симптом мавжуд беморларда ўтказила бошланди.

«Қўлингизни ювинг» тавсияси билан чекланилди

Бош вазир Борис Жонсон 6 март куни қилган баёнотида илк ўлим қайд этилганига қарамай, ишлар олдингидай давом этишини айтди ва кескин чоралар кўриш ўрнига, 20 сония давомида қўлни ювиш бўйича халққа маслаҳат берди.

Парвозлар тўхтатилмади

Европанинг бошқа кўплаб мамлакатлари рейсларни бекор қилган пайтда ҳам Англия парвозларни тўхтатмади. Ҳатто ҳукуматнинг илмий маслаҳатчилари парвозларнинг тақиқланиши эпидемия суръатига деярли таъсир кўрсатмаслигини таъкидлашди.

Март ойи ўрталарида вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар назорати тўхтатилди, тест ўтказиш чекланди

12 март куни Италияда ўлим ҳолатлари сони 1000дан ошди, Англияда эса 10 нафарга етди.

Ўша куни Жонсон ҳукуматнинг «Кобра» деб номланган фавқулодда ҳолат қўмитаси мажлисидан сўнг 4 босқичли эпидемия режасининг «назорат» босқичидан «вирус тарқалишини кечиктириш» босқичига ўтилганини маълум қилди.

Жонсон гарчи мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ўз тарихидаги энг ёмон инқирозни бошдан кечираётганини таъкидласа-да, «Яна кўплаб оилалар ўз яқинларини бевақт йўқотишлари мумкин», деса-да, карантин ёки шунга ўхшаш чора-тадбирларни қўллаш бўйича қарор қабул қилмади.