Ўзбекистон | 14:47 / 07.05.2020
10581
3 дақиқада ўқилади

Термизда Россиянинг Шарқий Европа нодавлат институти ноқонуний таълим фаолияти билан шуғулланаётгани маълум бўлди 

Ўзбекистон ОТМларида таълим жараёнлари масофавий шаклда ташкил этилгани ниқоби остида кўплаб консалтинг ташкилотлари ўз рекламаларида «дипломи Ўзбекистонда тўғридан тўғри тан олинади» каби асосланмаган маълумотлар билан масофавий таълим берадиган хорижий ОТМларни тарғиб қилмоқда.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан айни пайтда Ўзбекистонда дипломи тан олинмайдиган ОТМларда ўқиш бўйича тарғибот ишларини олиб бораётган консалтинг хизматлари ва айрим жисмоний шахслар аниқланмоқда.  

Инспекция уларнинг Ўзбекистонда дипломи тан олинмайдиган шаклдаги таълим турига ёки таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун тарғибот ишлари билан шуғулланаётгани ҳақида хабар берди.

«Масалан, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 22-сонли мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби биносида Россия Федерациясининг Шарқий Европа нодавлат институтининг (Восточно-европейский институт)  масофавий олий таълим хизматларини кўрсатиб келаётган консалтинг хизмати аниқланди. Бунинг учун ташкилот Ўзбекистонда фаолият юритиш учун лицензия  олмаган», - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, инспекция матбуот хизмати берган қўшимча маълумотга кўра, Россия Федерацияси Таълим ва фанни назорат қилиш хизматининг расмий сайти орқали текширилганда Шарқий Европа нодавлат институтининг аккредитацияси ҳам бекор қилингани маълум бўлди. Бу эса муассаса дипломи Россия Федерациясида ҳам тан олинмаслигини англатади.

Бундан ташқари, инспекция карантин сабабли ОТМларда таълим жараёнлари масофавий шаклда ташкил этилгани ниқоби остида кўплаб консалтинг ташкилотлари ўз рекламаларида «дипломи Ўзбекистонда тўғридан тўғри тан олинади» каби асосланмаган маълумотлар билан масофавий таълим берадиган хорижий ОТМларни тарғиб қилаётганидан огоҳлантирмоқда.

«Таълим тўғрисида»ги қонунда ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда (кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари кўзда тутилган) таълим олиш белгиланган, лекин масофавий таълим шакли ушбу қонун ҳужжатида кўзда тутилмаган», дейилади хабарда.

Таълим инспекцияси нотўғри маълумотларга ишониб, фаолияти ҳақида етарли маълумот тўпланмасдан, хорижий ОТМда ўқиб олинган ҳужжатлар амалдаги қонунчиликка тўғри келмаслиги турли эътирозларга сабаб бўлади, шунинг учун ОТМга ҳужжат топширишда эътиборли бўлиш зарурлигини таъкидлаган. 

Мавзуга оид