Жаҳон | 23:57 / 07.05.2020
5292
2 дақиқада ўқилади

Трамп Сурияга қарши киритилган санкцияларни яна бир йилга узайтирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Сурияга нисбатан киритилган санкциялар режимини яна бир йилга узайтиришга қарор қилди.

Фото: AP /Evan Vucci

Бу ҳақда АҚШ федерал реестри электрон базасида жойланган баёнотда айтилган.

Гап Вашингтон Дамашққа қарши 2002 йилдан 2012 йилгача киритган турли санкциялар ҳақида бормоқда. Уларда баъзи жисмоний ва юридик шахсларнинг АҚШдаги активларининг блокланиши, АҚШнинг маълум тоифадаги товарлари ва хизматларининг Сурияга экспорти тақиқланиши кўзда тутилган. 

Ҳужжатда президент Башар Асад бошчилигидаги Сурия раҳбарияти “зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишига” йўл қўяётгани, бунга эса Россия ва Эрон кўмак кўрсатаётгани таъкидлаб ўтилган. “АҚШ Асад тузуми ва унинг тарафдорларини бешафқат урушни тўхтатишга, бутун мамлакат бўйлаб ўт очишни тўхтатиш режимини киритишга, барча муҳтож сурияликларга инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқларсиз етказилишини таъминлашга ва Сурияда сиёсий ўтишни муҳокама қилишга чақиради”, дейилган баёнотда.

Унда, шунингдек, АҚШ келгусида санкцияларни сақлаш-сақламаслик борасида “Сурия ҳукумати таркиби, сиёсати ва ҳаракатларидаги ўзгаришларни эътиборга олиши” таъкидлаб ўтилган.

 

Мавзуга оид