Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда 80 йил ичидаги рекорд даражадаги ишсизлик қайд этилди
АҚШда коронавирус пандемияси сабабли ишсизлик рекорд даражадаги 14,7 фоизга ўсди. Бу охирги 80 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Бу ҳақда АҚШ меҳнат вазирлиги маълумотларига таяниб CBS News нашри хабар берди.
Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, жорий апрелда АҚШ меҳнат биржаларида 29 млн киши рўйхатдан ўтган. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда бундай вазият охирги марта 1940 йилда кузатилган.
Апрелда ишсизлик даражаси март ойидаги 4,4 фоиздан 14,7 фоизгача ўсиб кетган.
“Апрелда ишсизлик даражаси 10 фоизга ўсиб, 14,7 фоизгача етган. Бу тарихда бир ой учун ишсизлик бўйича энг юқори кўрсаткичдир”, дейилган ҳисоботда.
АҚШ меҳнат вазирлиги 1948 йилдан бери ишсизлик даражаси бўйича ҳар ойлик статистикани эълон қилиб келади. Бунгача вазирлик фақат йиллик маълумотларни эълон қилган. Ўша маълумотларга кўра, АҚШда 1933 йил, Буюк тушкунлик даврида ишсизлик мутлақ максимум даража – 24,9 фоизни ташкил қилган. Агар 1948 йилдан кейинги маълумотларга қаралса, унда АҚШда ишсизликнинг максимал даражаси 1982 йил ноябрь-декабрида 10,8 фоиз қийматда қайд қилинган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ўрта муддатли истиқболда АҚШда ишсизликнинг реал даражаси Буюк тушкунлик давридаги даражага яқинлашиб қолиши мумкин.