Беҳруз Ҳамзаев Ўзбекистонда туризм соҳаси билимдонларидан бири сифатида танилган, бир муддат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлаган. Суҳбат давомида коронавирус пандемиясининг туризмга таъсири, хусусий сектордаги вазият, онлайн туризм, соҳадаги ишсизликка барҳам бериш учун инновацион ечимлар, авиация бозоридаги ҳолат каби қатор мавзуларда сўз борди.

Туризм – пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири

– Туризм 10 йил давомида фақат ўсиб келаётган соҳа бўлиб келди. Ҳар ўнинчи ишчи ўрин туризм билан боғлиқ ва у асосий даромад олиб келувчи соҳалар ичида 3-ўринда туради. Жаҳон туризм ташкилотининг ҳисоботига кўра, дунё туризми пандемия туфайли 1 трлн. доллари атрофида зарар кўради.

Бу соҳада 100 миллиондан ортиқ аҳоли банд эди ва улар ҳозир ишсиз. Туризм ўз ўрнига қайтиб келиши учун 18 ой муддат талаб этилади. Вакцина пайдо бўлгунча инсонлар саёҳат қилишдан воз кечишади.

Яқинда хабар ўқидим: Аргентина сентябрь ойигача хорижга парвозларини тўхтатди. Пандемиядан кейин туризм умуман бошқача тус олади.

«Қайта ўнгланиш учун беш йил кетиши мумкин»

– Туризм асосан мустақил кичик бизнес эгаларидан ташкил топган соҳадир. Авиақатновлар ва меҳмонхоналар тизимлари шулар жумласидандир. Туризмнинг жадал суръатларда ривожланишида авиачипталарнинг арзонлиги муҳим роль ўйнаган. Авиақатнов – туризмни юргизувчи двигателдир. Шу сабабли ҳукуматлар авиацияга ёрдам бериш орқали туризмни қутқаришга уринмоқдалар.

Мавжуд авиакомпанияларнинг 50 фоизи банкротликка учраши мумкин.

Иккинчиси – меҳмонхоналар бўлиб, уларга қайсидир маънода ҳукумат ёрдам бериши мумкин. Ривожланган давлатларда «bailout» тизими бор, унда маълум соҳаларга инқироздан чиқиб кетиши учун ҳукумат томонидан молиявий ёрдам берилади. Масалан, солиқ имтиёзлари, ходимларга вақтинча ойлик тўлаш кабилар. Туризмда кўпчилик – ўзини-ўзи банд қилувчилардир. Биргина гидларни оладиган бўлсак, Ўзбекистонда улар ишсиз қолишди. Бошқа давлатларда ҳам шундай. Лекин Ўзбекистонда бу вазият қийинроқ, чунки Ўзбекистонда бу касб мавсумий бўлиб, баҳор ва кузда ишлашади.

Бунинг натижасида гидлар ўз касбидан воз кечиши мумкин. Бошқа соҳаларга ўтиб кетиш эҳтимоли катта. Ўзи бизда гидларга эҳтиёж катта эди. Пандемиядан сўнг бу янада ошади.

Туризм хизмат кўрсатувчи соҳалар тармоғи бўлгани сайёҳларга хизмат қилиб келган кафе, ресторан ва меҳмонхоналар ҳам катта зарар кўради. Яна қайта ўнгланиш учун бизга яна 5 йил керак бўлиши мумкин.