Кейинги уч йил ичида Ўзбекистонда учта ёки ундан кўп маҳаллий лоукостер пайдо бўлади. 2020 йили мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик авиаконференциялар натижасида эса соҳадаги деярли 90 фоиз муаммолар ҳал бўлади.
Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаев «Ular» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди. Суҳбат давомида Ҳамзаев лоукостерлар очилиши масаласига атрофлича тўхталиб ўтди.
«Европадан Австралияга бир ҳафталик«all inclusive» саёҳат, яъни авиачиптадан тортиб, меҳмонхона ва овқатланишгача бўлган ҳамма харажатлар миқдори – Европадан Ўзбекистонга худди шундай саёҳатдан юз долларга арзонроқ.
Аслида бир неча баробар арзонроқ бўлиши керак, чунки масофа уч баробар қисқа; Австралия – дунёнинг бутунлай бошқа бурчагида.
Худди шу каби Россияни ҳам мисол келтириш мумкин. Россиядан Туркияга бир ҳафталик «all inclusive» тур Ўзбекистонга келиб кетишдан 4-5 арзонроқ. Ваҳоланки, Туркияда яхшироқ меҳмонхоналар, яхшироқ озиқ-овқат ва бизда йўқ бўлган денгиз ҳам бор.
Бунинг энг асосий сабаби – авиақатновнинг арзонлиги. Арзонлигининг боиси эса рақобат. Ўзбекистонда нечта авиакомпания бор? Россияда 19дан ортиқ.
Қолаверса, нарх белгилаш стратегияси. Мен учун самолётда учиш – ҳашамат эмас, иш – машина ёки метрода кетгандек, 5-6 соат чидаб кетавераман; ҳар доим иқтисод классда учаман. Парвоз – ишларимни битириб келиш учун восита холос. Кўпчиликда ҳам шунақа. Лекин қиммат тўлашга мажбурсиз, чунки бошқа имкониятингиз йўқ.
Лоукостер сизга шу имкониятни беради: овқати йўқ, 30 дақиқада тез самолётга чиқиб олишингиз керак, ноқулайроқ бошқа аэропортга қўнади... Автобусдек гап. Ўзи аслида лоукостерда бир марта учсангиз, иккинчи марта учгингиз келмайди.
Лоукост деганда авиаташувчининг стратегияси тушунилади. Яъни улар имкон қадар барча нарсаларда пул тежайди. Бир хил русумдаги самолётлардан фойдаланишади, чунки бир хил механик ёллаш кифоя – Boeing ва Airbus механиклари ҳар хил мутахассислар.
Лоукостерлар самолёти салонида экрани ҳам йўқ, овқат ҳам бермайди, четроқ аэропортга қўнади... Ҳар бир давлатда бир нечта аэропортлар бўлади, катта аэропортларга қўниш ва улардан учиб кетиш қиммат туради. «Ground handling operation» (аэропорт терминалидаги самолётга хизмат кўрсатиш) деган тушунча бор, бу ҳам пул туради. Кичикроқ аэропортларда эса бу арзонроққа тушади. Лоукостерлар ҳамма жойдан иқтисод қилиб, охири сизга чиптани арзонроқ қилиб беради.















