Ўзбекистон | 00:27 / 30.05.2020
8344
4 дақиқада ўқилади

Беҳруз Ҳамзаевнинг Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳақидаги гаплари мунозараларга сабаб бўлди

Видеодан кадр

Влогер Кирилл Альтман «Alter Ego» лойиҳаси доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидаги фаолияти билан танилган Беҳруз Ҳамзаев билан интервью уюштирди.

Интервьюда Ҳамзаевнинг Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳақидаги сўзлари муҳокамаларни келтириб чиқарди. У хусусан шундай деган:

«Мен сизга амалга ошган, аммо менсиз амалга ошган ғоя ҳақида гапириб бераман. Дарвоқе, бу ҳақда биринчи марта очиқ гапиришим. 2017 йил 27 ноябрда бизда Инновация вазирлиги очилди. Ушбу вазирлик концепциясининг ғоявий илҳомлантирувчиси, муаллифи менман».

Бу гапни айтган Беҳруз Ҳамзаев ўзи ишлаб чиққан Ўзбекистон Республикаси Келажак, инноваторлик ва ҳамкорлик вазирлиги лойиҳасини кўрсатади. У бу лойиҳа устида 8 ой ишлаганини айтган.

Кейинчалик суҳбат Инновацион ривожланиш вазирлигининг фаолияти ҳақида давом этиб, унда қуйидаги диалог бўлган:

Ҳамзаев: Сиз бу вазирлик уч йил давомида нимадир қилганини кўрдингизми?

Альтман: Йўқ.

Ҳамзаев: Мен ҳам кўрмадим.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Беҳруз Ҳамзаевнинг интервьюда айтган бу гаплари юзасидан баёнот берди.

«Беҳруз Ҳамзаев суҳбат давомида «Инновацион ривожланиш вазирлигининг ғояси мендан чиққан, вазирлик номи ҳам нотўғри қўйилган», деб фикр билдиради. Ваҳоланки, Инновацион ривожланиш вазирлиги Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилган.

Тўғри, Беҳруз Ҳамзаев томонидан блогер Кирилл Альтманга кўрсатилган «Ўзбекистон Республикаси Келажак, новаторлик ва ҳамкорлик вазирлиги» деб номланган брошюраси уч йил аввал ўзи тилга олмаган масъул ходимларга тақдим этилган ва унинг бу ғоясини кимдир қўллаб-қувватлаган ҳам бўлиши мумкин, лекин бу унинг «Инновацион ривожланиш вазирлигини мен ташкил этганман», дейиши учун асос бўла олмайди», дейилади вазирлик муносабатида.

Расмий баёнотда Беҳруз Ҳамзаевнинг гўёки вазирлик ўтган уч йил давомида ҳеч нарса қилмагани ҳақидаги гапларига ҳам муносабат билдирган:

«Шу ўринда Беҳруз Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилганидан бери бирор иш қилмагани ҳақида ҳам гапиради. Бу гаплар асоссиз, вазирликда фаолият юритаётган давлат хизмачиларига нисбатан туҳмат», дея вазирликнинг қилган ишлари ҳақидаги маълумотга ҳавола берилган.

Вазирлик ўз баёнотини Беҳруз Ҳамзаевнинг фаолиятига муваффақият тилаш ва Кирилл Альтмандан «мантиқсиз интервьюларни тарқатмаслик»ни сўраш билан якунлаган.

Беҳруз Ҳамзаев фейсбукдаги саҳифасида вазирликнинг баёнотига муносабат билдирди.

«Шуни таъкидлашни истардимки, «Alter Ego» лойиҳасига берган интервьюмда ушбу вазирликни ташкил этиш ташаббуси мендан чиққанини айтмаганман. Ўз нутқимдан иқтибос келтираман: «Мен сизга содир бўлган, аммо менсиз бўлган ғоя ҳақида гапириб бераман. Айтганча, бу ҳақда биринчи марта очиқ гапиришим. 2017 йилнинг 27 ноябрида Инновация вазирлиги очилди. Ушбу вазирлик концепциясининг ғоявий илҳомлантирувчиси, муаллифи менман».

Кўриб турганингиздек, видеонинг тавсифида Кирилл томонидан хато бўлган ва бу тузатилди», деб ёзган Беҳруз Ҳамроев.

Видеонинг остида ёзилган изоҳда Беҳруз кўплаб лойиҳалар асосчиси қаторида Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилишининг ташаббускори деб ҳам ёзилганди. Кейинчалик изоҳдан бу банд ўчирилган.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Беҳруз Ҳамзаев билан боғланди.

Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлиги асосчилигига даъво қилмаслигини, шунингдек, унинг ғояси вазирлик фаолияти учун асос бўлганидан хурсанд эканини маълум қилди.

Ҳамзаевнинг айтишича, унинг лойиҳаси 2017 йил бошида тайёр бўлган. У вазирлик «брошюра» деб атаган лойиҳа устида 8 ой ишлаганини яна бир бор такрорлади.

Мавзуга оид