Жаҳон | 23:34 / 08.05.2020
90525
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма юз берди. Икки томондан яраланганлар бор

Тожикистон ва Қирғизистон чегара хизматлари чегарада отишма юз бергани ва икки томондан яраланганлар борлигини маълум қилди. Томонлар можаронинг бошланишида бир-бирларини айбламоқда.

Фото: Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати

Қирғизистон чегара хизмати маълумотларига кўра, можаронинг бошланишига Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Чек қишлоғида 50 сотих ердан фойдаланиш сабаб бўлган. Қирғизистон томонининг таъкидлашича, ушбу участка расман “бирор томон ҳисобига расмийлаштирилмаган”, бироқ Қирғизистон фуқаролари томонидан қўлланади.

Дастлаб икки томондан 30-40 киши бир-бирига тош ота бошлаган, сўнгра отишма бошланган.

Ўз навбатида Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизматида таъкидланишича, можарога Қирғизистон фуқаролари томонидан Тожикистонга тегишли 4 гектар ернинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши сабаб бўлган. 

“8 май соат 18да Исфара тумани Чоркуҳ қишлоқ жамоатининг Кумазор чегара ҳудудида можаро юз берди. Унга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра Тожикистонга тегишли 4 гектар ернинг Қирғизистон фуқаролари томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши сабаб бўлган. Қирғиз чегарачилари можарони бартараф этиш ўрнига Тожикистоннинг қуролсиз фуқароларига ўқотар қуролдан ўт очиб, уни янада авж олдиришган”, деб келтириб ўтган тожик чегарачилари сўзларини “Ховар” ахборот агентлиги. 

Таъкидланишича, Тожикистоннинг икки фуқароси оғир жароҳат олган.

Ўз навбатида, Қирғизистон куч тузилмаларидаги манбанинг “Интерфакс” ахборот агентлигига хабар беришича, тожик чегарачилари можаро вақтида Калашников автоматлари, РПГ (танкка қарши қўл гранатомёти) қўллашган. Уч қирғиз чегарачиси, жумладан маҳаллий чегара заставаси бошлиғи яраланган. Қирғизистон чегара хизматида яраланган чегарачилар ҳақидаги маълумот тасдиқланган.

Таъкидланишича, отишмадан кейин икки томон чегарачилари музокаралар бошлашган.

Қирғизистон жанубидаги Боткен вилояти Тожикистон билан чегарадош ҳисобланади. Чегараолди ҳудудида баён қилинмаган ва баҳсли ерларнинг кўплиги икки давлат фуқаролари ўртасида тез-тез можаро юз бериб туришига сабаб ҳисобланади.  

Қирғизистон-Тожикистон чегараси узунлиги 971 кмни ташкил қилади. Айни вақтда бу чегарадан 583 кми баён қилинган.

Мавзуга оид