Жаҳон | 20:17 / 08.05.2020
10928
2 дақиқада ўқилади

Трамп Хитой коронавирусни қасддан тарқатганига ишонмаслигини айтди

Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти борасида тез орада баёнот беришини айтаркан, Вашингтон ташкилотга анча кўп маблағ ўтказишига қарамасдан ЖССТ Пекиннинг "қўғирчоғи" эканлигини қўшимча қилди.

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой COVID-19 коронавирусини атайлабдан тарқатганига ишонмаслигини айтди.

"Вирус Хитойдан уқувсизлик натижасида чиқиб кетган бўлиши эҳтимоли бор ", - деди у Fox news телеканалига берган интервьюсида.

"Афтидан, улар буни қандай айтишни билишмаяпти. Биз ҳамкорлик қилмоқчи ва ёрдамлашмоқчи эдик, аммо улар ҳамкорликни истамади", - деди Трамп.

У шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти борасида тез орада баёнот беришини айтаркан, Вашингтон ташкилотга анча кўп маблағ ўтказишига қарамасдан ЖССТ Пекиннинг "қўғирчоғи" эканлигини қўшимча қилди.

АҚШ апрелда коронавирус қандай пайдо бўлгани ва Хитой қандай қилиб унинг тарқалишини тезда тўхтата олгани борасида суриштирув бошлагани маълум қилинганди. Айрим тахминларга кўра, вирус Уҳандаги лабораториядан тарқалган.

Шу билан бирга, АҚШ разведкаси вируснинг сунъий равишда яратилмаганини билдирган.

Хитой Уҳандаги вирусология институти пандемия манбаи бўлганлигини рад этмоқда.

Мавзуга оид