Жамият | 14:00 / 09.05.2020
7493
8 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ: Тинчлик йўлидаги жасорат унутилмайди

Инсоният ўзининг узоқ даврлик тарихи мобайнида кўплаб урушларни бошдан кечирди. Бу қирғинбаротларда қанча давлатлар ҳалокат гирдобига тушди, миллионлаб одамлар қурбон бўлди, беҳисоб йўқотишлар ва вайронагарчиликларга юз тутди. Буни ҳозирги авлод унутмаслиги, бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиши керак. Маълумки, Ўзбекистон истиқлолнинг илк кунлариданоқ ички ва ташқи сиёсатда собитлик билан тинчликни сақлаш ва барқарорликни таъминлашни бош мақсад қилиб олди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бугунги кунда юритилаётган сиёсат ҳам ана шу эзгу ғояларга йўғрилган.

9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Бошқаруви раиси ташаббуси билан Жамиятнинг барча таркибий корхоналари томонидан Иккинчи жаҳон уруши ҳамда соҳа фахрийлари, халқларнинг тинчлиги, миллатлар тотувлиги йўлида қурбон бўлганлар хотираси ёдга олиниб, узоқ йиллардан буён энергетика соҳасида хизмат қилиб келаётган байналминал жангчиларга эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди.

«Андижон ҳудудий электр тармоқлари» АЖ

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса унутилмайди. Халқимиз бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган инсонлар, соҳа фахрийлари хотирасини дилида абадий сақлайди.

«Андижон ҲЭТК» АЖ раҳбари Ахаджон Жўраевнинг таъкидлашича, вилоят энергетика  ривожи, соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшган инсонлар хотирасини алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Шундай инсонлардан бири корхонанинг биринчи директори, бор куч-ғайратини соҳа ривожига бағишлаган инсон Анваржон ака Набиевни алоҳида ёдга олиш ўринлидир. Анваржон аканинг бевосита раҳбарлигида ҳудуд иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондиришга хизмат қилувчи 220 кВ кучланишли «Юлдуз», Фарғона водийсида ягона бўлган 500 кВ кучланишли «Лочин», 220 кВ кучланишли «Ҳакан» ва «Фозилмон» нимстанциялари ҳамда юзлаб километр узунликдаги турли кучланишдаги электр узатиш тармоқлари қуриб, ишга туширилди.

Шундай устозларимиз бошлаган эзгу ишларни давом эттириш, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган нуронийларимизни ҳурмат-иззат қилиш, бир пиёла чой устида суҳбат қуриш, уларни ўз ютуқларимиз ва режаларимиз билан таништириш, ҳолидан мунтазам хабар олиб туриш бизнинг ҳам шогирдлик, ҳам инсоний бурчимиздир.

Фурсатдан фойдаланиб, жамоа номидан вилоятимизнинг барча фахрийларини ушбу кутлуғ сана билан чин юракдан муборакбод этиб, уларга сиҳат-саломатлик, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларига файзу барака тилаб қоламиз.

«Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ

Бугунги тинч ва хотиржам кунларга муносиб ҳисса қўшган нуронийларимизни эъзозлаш, уларнинг машаққат ва синовларга тўла ҳаёт йўлларидан ибрат олиш, ҳурмат кўрсатиш ва қадрлаш инсоний бурчимиздир. Дарҳақиқат, юртимизда Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш, машъум жангда ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, айни пайтда ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтириш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

«Навоий ҲЭТК» акциядорлик жамиятида ҳам айни пайтда 8 нафар жангчи-фахрийлар (байналминалчилар) меҳнат қилишмоқда. Улар байрам муносабати билан рағбатлантирилар эканлар, дуога қўл очиб бугунги файзли ва баракали кунлар учун шукрона айтдилар. Бу каби саъй-ҳаракатлар, энг аввало, ёшларимиз онгида тинчликнинг қадрига етиш, уларда Ватанга бўлган муҳаббат туйғусини мустаҳкамлаш, кексаларга ҳурмат ва эҳтиромда бўлиш сингари фазилатларни сингдиришда муҳим омилдир.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ

Бугунги кунда «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида 11 нафар жангчи-фахрийлар (байналминалчилар) меҳнат қилишмоқда. Улар байрам муносабати билан қизғин муборакбод этилиб, корхона томонидан рағбатлантирилди. Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган миллий қаҳрамонларимиз хотираси абадий сақланишига қўшатган ҳиссалари, қолаверса соҳа фахрийлари ҳамда байналминалчиларга билдирилаётган эҳтиром учун барчага раҳмат айтдилар.

«Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ

Ҳозирги кунда «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида 21 нафар жангчи-фахрийлар (байналминалчи) ҳамкасбларига ўрнак бўлиб меҳнат қилмоқда.

– Ҳар бир фуқаронинг ўз Ватанига хизмат қилиши – бу энг олий бахт, деб ўйлайман, – дейди Юқори Чирчиқ туман электр таъминоти корхонаси ЮКТХ катта устаси бошлиғи, байналминалчи фахрий Яшнар ака Эрматов. – Корхонамиз раҳбарияти томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мен каби фахрийларга эъзоз ва ҳурмат кўрсатилиб, рағбатлантирилдик. Бунинг учун мутасаддиларга миннатдорлигимни изҳор қилмоқчиман.

 

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ

Афғон урушидан тирик қайтганлар бугун орамизда кўп эмас. Улар тинчлик неъматини қадрлайдиган инсонлар. Шунинг учун бўлса керак, юртимизда Афғон уруши иштирокчилари, ногиронларига алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилади. 

– 20 йилдан буён энергетика соҳасида ишлаб келаман, – дейди Тошлоқ туман электр таъминоти корхонаси ҳуқуқшуноси, байналминал жангчи Орифжон Жалолов. – Шу йиллар давомида кўплаб ҳамкабсларимиз билан аҳоли хонадонларига ёруғлик нурини олиб кирмоқдамиз. Тўғриси, бизга кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликдан бошим осмонга етди. Насиб қилса, яна узоқ йиллар давомида халқимизга беминнат хизмат қилишга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Соҳамиз ривожи учун бор имкониятизмиздан фойдаланган ҳолда меҳнат қиламиз.

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ҳозирда давлат ва халқимиз ардоғида бўлган ватандошларимиз орасида Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи Жоббарган ота Қаландаров ҳам бор.

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ жамоаси байрам олдидан у кишининг хонадонига ташриф буюрди. Бир пиёла чой устида отахон уруш заҳматлари, қанчадан-қанча ўзбек ўғлонларининг ушбу жангларда ҳалок бўлганларини алам билан ёдга олиб, ҳозирги дориломон кунларнинг қадрига етиш кераклигини таъкидлади.

– Бугун юртимизда аҳоли учун яратилаётган шароитлар, маиший қулайликлар у вақтларда орзу эди, – дейди Жоббарган ота. Бугунгидай сув жўмракдан оқиб туриши, электр энергияси, қулай маиший техниклар қаёқда эди дейсиз. Электр энергияси ўрнига мой чироқларидан, шағамлардан фойдаланардик. Худди бугунгидай эслайман, хонадонларимизга электр келганини байрам қилиб нишонлаганмиз. Шунинг учун ҳам бугун ортиқча исрофгарчиликни кўрсам, хафа бўлиб кетаман.

Жоббарган ота билан мулоқотни давом эттирар эканмиз, ҳозирги дориломон кунларга етиш кўпчилик уруш қаҳрамонларига насиб қилмагани, Ватанимиз тинчлиги учун азиз жонларини фидо қилган юртдошларимизни халқимиз ҳеч қачон унутмаслигини билдирдик.

Бу каби тадбирлар «Сирдарё ҲЭТК», «Самарқанд ҲЭТК», «Бухоро ҲЭТК» ва бошқа акциядорлик жамиятлари томонидан ҳам ўтказилди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин, азиз Ватандошлар!

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид