Аммо ушбу репортаж «Сардоба» ҳақида эмас. Самарқанд вилоятининг Қашқадарё билан чегарадош Нуробод туманидаги Омондара паст босимли сув тўғони тўғрисида. Ушбу сув омборнинг бунёд бўлиши билан тенгдош «дарди» — гирдоб (воронка) ҳақида...

Таҳририятга Жом ҳудудида жойлашган мазкур сув тўғони назоратчиси Санжар Раҳимов мурожаат қилди.

Унинг айтишича, 2016 йил ёзида фойдаланишга топширилган ушбу иншоотнинг тез орада нуқсонлари кўриниб қолади. Бир йил ўтмай, тўғонда гирдоб ҳосил бўла бошлайди. Натижада 375 минг метр куб сув тўпланиши керак бўлган омборда бунча сувни ушлаб туриш хавфли бўлиб қолади. Қизиғи — бу камчилик ва хавф йиллар давомида лойиҳачи, қурувчи, соҳанинг вилоят, республика даражасидаги масъулларига хабар қилиб келинаётган бўлса-да, масалага негадир панжа орасидан қараб келинмоқда.

Омондара сув тўғонида бўлганимизда, назоратчи Нурали Сафаров навбатчилик қилаётган экан. У ҳудуд об-ҳавоси ниҳоятда тушунарсиз ва инжиқ эканлигини айтди. Тўғон сел йўлида бўлиб, баҳор ва куз ойларида исталган дақиқада катта миқдорда сув келиш хавфи бор, деди у.

Назоратчи фавқулодда ҳолатлар кузатилса, «Аввало, раҳбарларимизга хабар қиламан», деди. Таассуфки, бу ҳудудда қарийб тўрт соат турган бўлсак-да, уяли телефондан фойдалана олмадик. Алоқа йўқ. Нурали ака зарурат бўлганда, тоғнинг тепасига чиқиб ёки аҳоли яшаш пунктига тушиб, телефонидан фойдаланар экан. Сув омбор ходимлари учун қурилган шийпонда махсус телефон аппарати мавжуд эмас.