Ҳаётий ҳикоя: Умид йўқлиги айтилиб шифохонадан қайтарилган ўғлини олиб кетаётган ота
Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти яқинида яшайман. Ишим юзасидан, Kun.uz сайтида хайриялар ёритиш учун ҳам бу шифохонага тез-тез бориб тураман. Турфа тақдирлар, бемор болажонлар, етишмовчиликлар бу ҳудудда ўзига хос оғир муҳит ҳосил қилган ва ҳар қандай иродали кишини ҳам эзиб қўяди.
Ҳаётий ҳикоялар рукнидан
Адҳамжон ака (исмлар ўзгартирилган) билан иш юзасидан, яъни хайрия бўйича танишмадик. Шифохона ёнида ижара уй суриштираётганини эшитиб қолдим. Бўш турган квартирам бор эди, таклиф қилдим, маъқул келди ва кўчиб киришди.
Адҳамжон ака 12 яшар фарзанди Анваржонни даволатиш учун Андижондан келган, ўғлини жойлаштирганидан кейин бошпана тополмай «Кобальт» машинасида ётиб юрган экан. Дастлаб кўришганимизда қовоқлари салқиб тургани, тушкун кайфияти сабабини чарчоққа йўйгандим. Аммо кейинчалик билсам, ўғлининг оғир аҳволи туфайли отанинг бу ҳолати доимийга айланиб қолган экан. Ювиниб, дам олди, биргалашиб чой ичдик ҳамки тушкунлиги тарқалмади.
Табиатан камгап бўлган Адҳамжон ака билан суҳбатимиз дастлаб кўпам қовушавермади. Буни тушуниш мумкин, ўғлининг дарди ўзини эзиб қўйган ота нимани ҳам гапирарди? Йиғлаб кўнгил ёзишга эркаклик ғурури йўл қўймайди, қариндоши эмасманки дардини дастурхон қилаверса.
Мен ишим билан кетдим, ака шифохона ёнида қолди. Кейинчалик тез-тез кўришиб турдик. Анваржоннинг аҳволи ҳақида сўраганимда қисқагина қилиб «тузук» деб қўярди.
– Моддий томондан қийналган бўлсангиз, хайрия уюштирайлик, саховатли инсонлар кўп, албатта ёрдам беришади, – дедим бир куни кўнглини кўтаришга уриниб.
– Мол-ҳолни сотдик, қариндош-уруғлар ҳам қарашишяпти. Ҳозирча амаллаб етказяпмиз.
– Шифокорлар нима дейишяпти?
– Сал ўтиб қолган экан. Тузалиб қолар, дейишяпти-да...
– Аллоҳ шифосини берсин.
Икки-уч марта кўришган бўлсак-да, суҳбат мазмуни ҳам, Адҳамжон аканинг кайфияти ҳам айтарли ўзгармади.
* * *
Шивалаб ёғаётган ёмғирли бир кеча эди. Телефоним нохос жиринглади. Адҳамжон ака.
– Укажон, биз қайтадиган бўлиб қолдик...
– Тинчликми?
– Ҳа... Тинчлик. Кўчага чиқиб турсангиз, калитни бериб кетардим.
Чиқдим. Кўп ўтмай олдимга оқ «Кобальт» келиб тўхтади ва ундан Адҳамжон ака тушди. Қисқа салом-алик қилдик.
– Дўхтирлар болани қийнамайлик, уйига борақолсин, дейишди-да, деди Адҳамжон ака саволли қарашимдан нигоҳларини олиб қочаркан. Кейин юзидаги ёмғирни секин суриб гапини давом эттирди.
– Уйга етиб боролсак, онасини, акаларини кўриб, сал ёзилармикан дейман. Буёғи энди Аллоҳдан...
Зимдан орқа ўриндиққа қарайман. Анваржон бир бурдагина бўлиб қолган, юзлари устига ёпилган чойшабдек оппоқ. Оғир қовоқларини кўтариб, менга бир қараб қўйди. Нураб бораётган бола шу пайт ҳозир учиб кетадиган фариштани эслатарди.
* * *
Умидсиз беморларни уйларига жўнатиш амалиёти азалдан бор. Шафқатсиз томони – шундай қилинса, шифохонанинг ўлим кўрсаткичи кўтарилиб кетмайди. Яхши томони – барча чоралар кўрилганда ва энди илинж бўлмаган ҳолатда беморга сўнгги сонияларни яқинлари қаршисида ўтказиш, дийдор имконияти берилади.
Ҳозир ҳам айни шу ҳолат. Лекин шунча йиллик тажрибамда буни хотиржамлик билан қабул қилган ва дардни ичига ютиб, боласи олдида сир бой бермаган отани биринчи кўришим. Аксинча, шифохоналар олдида ҳали жони узилмаган беморларни олиб кетишда ҳамиша дод-вой ва аламли йиғилар бўлади, ота-она ўзини буткул йўқотиб қўйгани учун яқинлари вазиятни назорат қилишади, машиналарни миниб кетишади. Бу ҳолат эса...
Бирор нарса деб кўнгил кўтаришга ҳам сўз йўқ, забон йўқ. Тилим калимага келгунича Адҳамжон ака қўлимга калитни тутқазди ва машинасига миниб жўнаб кетди...
* * *
Уйга киролмадим. Йўл бўйидаги ўриндиқда, майдалаб ёғаётган ёмғир остида анча ўтирдим. Ёмғирлар кўзёшимни ювиб кетишди. Кўз ёшларим ёмғирлар билан қўшилиб юзларимда думалашди. Бу қандай синов бўлса?!
Ота ҳозир ёлғиз ўзи шу ҳолатдаги фарзандини олиб, довон ошиб машина бошқариб кетади. Ҳар сафар орқага қарашга, «яхшимисан, болам?» дейишга ўзида қандай куч топади? Аёли, бошқа фарзандлари олдига бу боласини қандай кўтариб кираркан? Ҳаммасини тушуниб турган бола кета-кетгунча осмонга, юлдузларга тикилиб нималарни ўйларкан?..
* * *
Орадан икки кун ўтиб Адҳамжон акага қўнғироқ қилганимда гўшак кўтарилди ва ён-атрофда уввос солиб йиғлаётган аёлнинг овози эшитилди...
Аброр Зоҳидов.
Мавзуга оид

15:20 / 11.12.2024
«Отамнинг қадрига етмадим» — падаридан орланган ўғилнинг надоматлари (ҳаётий ҳикоя)

13:24 / 24.01.2024
«Боламнинг боласини ҳам ўзимиз боқяпмиз» – тақдир синовларида енгилмаган кўзи ожиз инсоннинг изтироблари

09:00 / 27.11.2023
Орамиздаги одамлар: ярим танадаги бутун жон

12:05 / 03.11.2023