«Ҳаётий ҳикоялар» рукнидан берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони кўзи ожиз отасидан орланиб охирида афсусланиб қолган йигит.

У мактубида отасининг ўлимига айбдорлигини, унинг дуосини олмаганидан афсусдалигини ҳикоя қилади.

«Эсимни таниганимда онам соғлом, отамнинг эса кўзи ожизлигини билганман. Аввалига ҳеч нарсани ўйламаганман.

Мактабга борганда эса... Ёш бола эдик, гоҳида айрим синфдошлар билан ниманидир деб талашардик, жанжаллашардик. Бундай рақобатда кўпинча мен ғолиб чиқардим.

Ана шунда илк бор «кўрнинг боласи» деган ҳақоратни эшитганман ва бу менга ёмон таъсир қилган.

«Кўрнинг боласи» деганларнинг бир-иккитасини боплаб дўппослаганимдан сўнг бу ҳақоратни олдимда айтмайдиган бўлишди. Бироқ билардим, орқаворатдан айтишарди.

Ўшанда нафақат шу сўзларни айтган синфдошимдан, балки отамдан ҳам хафа бўлганман.

Энди ўйлаб кўрсам, инсон қай ҳолатда, ким бўлиб туғилишни ўзи ҳал қилмайди, бу илоҳий тақдир. Лекин ўша пайтда менга буни ҳеч ким, ҳатто ота-онам ҳам тушунтирмаган эди. Балки тушунтиришганда ҳам тушунмасдим.

Ҳар гал кўчадан уйга кириб отамга кўзим тушганда «Кўрнинг боласи» деган ҳақоратли сўз миямда айланарди ва отамни ёмон кўриб қолгандим.

Отам уйланиш учун совчи юборганда онамнинг ота-ота онаси «Болам, сени унга узатиш ҳеч нарсамас, ҳеч ким ўзи хоҳлаб кўзи ожиз бўлиб туғилмайди. Бироқ бошқа масала бизни ўйлантиряпти. Мабодо боланг ҳам кўзи ожиз туғилса нима бўлади? Бир умр иккита ногиронни ўзинг оқ ювиб оқ тараб, боқишга мажбур бўласан», дейишган экан.

Шунда онам «пешонамдан кўраман» деб жавоб берган ва отамга турмушга чиққан экан. Чунки отам, кўзи ожиз бўлса ҳам ўзини ўзи эплай оларди. Бунинг устига кўзи ожизлар мактабида ўқиган, саводи бор эди.

Ўзи ўқиган мактабда ҳунар ўрганган ва ўшанинг орқасидан бир-икки сўм даромад ҳам қилиб, рўзғор тебратган.

Мен соғлом туғилганимдан сўнг отам ва онам хурсанд бўлган ва мени жуда эрка қилиб ўстирган. Ана шу нарса менинг тарбиям бузилишига ва кейинчалик отамни ёмон кўриб қолишимга сабабчи бўлди.

Йўқ, бу билан ўзимни оқламоқчи эмасман. Отам тилла одам эди. Бироқ мен тарбиянинг жилла қурса бир қисмини уйда, ота-онамдан олган эдим.