Жаҳон | 11:32 / 10.05.2020
39848
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон чегарадаги можаро юзасидан Қирғизистонга нота топширди

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 8 май куни тожик-қирғиз чегарасида юз берган можаро юзасидан Қирғизистон элчиси Жаниш Рустембековга нота топширди.

Видеодан кадр

Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинган.

“Қирғизистон фуқаролари ва ҳарбийларининг қуролли можарога олиб келган иғвогар ҳаракатлари сабабли Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги элчига нота топширди. Унга бу можарога Қирғизистон фуқароси томонидан мақсадли ўқ узилиши ҳамда Қирғизистон чегарачиларининг Тожикистон чегара бўлинмаларининг жавоб чоралари кўришига олиб келган кейинги ҳаракатлари сабаб бўлгани маълум қилинган”, дейилган вазирликда.    

Қирғизистон фуқаролари ва ҳарбийларининг қонунга хилоф ҳаракатлари оқибатида Тожикистоннинг 2 фуқароси оғир жароҳат олгани ва улар ҳозирда шифохонада эканликлари таъкидлаб ўтилган.

Суҳбат давомида чегара ҳудудидаги вазиятнинг кескинлашувига қирғиз томони жавобгар экани айтилган. Ўқотар қурол қўллаган ҳолда иғвогар ҳаракатларни тўхтатиш, воқеанинг батафсил тергови ўтказилиши ва айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилиши талаби қўйилган.

“Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигининг бу воқеани ёритишини инобатга олиб, воқеанинг Иккинчи жаҳон уруши ва муқаддас Рамазон ойига боғланишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлайди ҳамда умумий муқаддас байрам ва фахрийлар хотираларини ҳурмат қилишга чақиради”, деб таъкидлаб ўтган Тожикистон томони.

8 май куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Чек қишлоғида икки давлат аҳолиси ўртасида ер масаласи бўйича келишмовчилик сабабли можаро чиққан. Можаро давомида икки томондан одамлар бир-бирига тош ота бошлаган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари можаро кескинлашиб кетмаслиги олдини олиш учун ҳавога огоҳлантирувчи ўқлар узган. 

Кейинроқ Қирғизистон чегарачилари Тожикистон томонидан миномётдан ўт очилганини маълум қилишган. Отишма оқибатида Қирғизистоннинг 3 ҳарбийси ва бир фуқароси яралангани маълум қилинган. 

Аввалроқ Қирғизистон чегарада содир бўлган можаро оқибатида бир неча киши оғир яралангани сабабли Тожикистон элчисига норозилик нотаси топширгани маълум қилинганди. Нотада ушбу вазият учун барча жавобгарлик Тожикистон томони зиммасида экани айтилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид