Ўзбекистон | 18:19 / 11.05.2020
5939
2 дақиқада ўқилади

Нурмуратов инқироз даврида хорижий банклар олдидаги мажбуриятлар бажарилиши юзасидан изоҳ берди

Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов Сенатнинг 4-ялпи мажлисида хорижий банклар олдидаги мажбуриятларнинг инқироз даврида бажарилиши бўйича маълумот берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

«Ҳозирги инқироз шароитида жами 22,1 трлн сўм миқдоридаги кредитлар муддати узайтирилган. Кредитларини қайтариши керак бўлган хўжалик субъектларининг 55 фоизи, аҳолининг 80 фоизи учун кредит тўловлари муддати жорий йил 1 октябр санасигача узайтирилган.

Аммо 22 трлн сўмни узайтирдик дегани, биз кимнингдир ҳисобидан кредит бергандик, у ўз пулини сўраб келса, банк қайтариши керак. Яъни 1 октябргача хорижий банклар олдидаги 585 млн долларлик мажбуриятимизни бажаришимиз керак. Уларга: «Кечирасиз, биз кредитимизни чўзиб қўйгандик», деб айта олмаймиз.

Шуни ҳам ҳисобга олган ҳолда, банкларнинг капиталлик даражаси 23,5 фоизга, ликвидлик даражаси 11,3 фоизга етказилгани ҳисоб-китобимиз бўйича маълум бир йўқотишларсиз чиқиб кетишга имкон беради», дея Нурмуратовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марказий банк раиси ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун банклар орқали 30 триллион сўм айланма маблағлар ажратилиши белгиланганини қайд этар экан, ҳозиргача шундан 5,3 трлн сўм кредит берилганини маълум қилди.

«Ҳозирги кунда банкларда ресурс йўқ, дейиш ҳолатлари бўлади. Шунинг учун Марказий банкнинг пул-кредит инструментлари орқали банк тизимига 13,6 трлн сўмлик қўшимча ликвидлик етказилади. Бу иқтисодий фаолликни тезроқ жонлантиришга имкон яратади», деди у.

Шунингдек, инқироз шароитида таълим кредитини ажратиш масаласи бўйича маълумот берилди.

«Ҳозирда контракт тўловини ҳар ойда бўлиб тўлаш жорий қилинган. Бу ўз-ўзидан банк кредитига бўлган эҳтиёжни камайтиради, чунки кредит олса ҳам ҳар ойда қайтариши керак, ўзи тўласа ҳам ҳар ойда тўлайди. Бу ойлик тўловларни камайтириш имкониятини берди. Ҳар бир банкнинг ички сиёсатида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича лимитлар белгиланган. Шу лимитлар доирасида кредитлар ажратиб борилади», дея таъкидлади Мамаризо Нурмуратов.

Мавзуга оид