Иқтисодиёт | 13:46
722
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда уй-жой нархлари пасайди, олди-сотди кўпайди - Марказий банк таҳлили

Марказий банк кўчмас мулк бозоридаги асосий ўзгаришларни таҳлил қилди. 2025 йил учун Молиявий барқарорлик шарҳига кўра, Ўзбекистонда уй-жой бозорида нархлар ўсиши сезиларли даражада секинлашган. Шунга қарамай, бозордаги фаоллик пасаймаган — аксинча, уй-жой олди-сотди битимлари кўпайган, аҳолининг уй-жой харид қилиш имконияти яхшиланган.

Фото: Kun.uz

Шарҳда қайд этилишича, 2025 йил якунида уй-жойларнинг сўмдаги бозор нархи йиллик ҳисобда 4,8 фоизга пасайган, АҚШ долларидаги эквивалентда эса 1,5 фоизга ошган. Марказий банк буни кўчмас мулк бозорида нархларнинг тобора кўпроқ фундаментал омиллар асосида шаклланаётгани билан изоҳлайди.

Нархлардаги тузатиш бозорга бўлган қизиқишни пасайтирмаган. Аксинча, нотариал тартибда расмийлаштирилган турар жой олди-сотди шартномалари сони 15 фоизга ошиб, 295,4 мингтага етган. Бу уй-жойга бўлган талаб юқорилигича қолаётганини кўрсатади.

Регулятор бунга аҳолининг молиявий имкониятлари кенгайгани ҳам сабаб бўлганини қайд этади. Хусусан, 2025 йилда номинал иш ҳақи 19 фоизга ошган, ипотека кредитлари шартларининг яхшиланиши эса уй-жой харид қилишни янада қулайлаштирган.

Натижада, аҳолининг уй-жой харид қилиш қобилияти индекси йил давомида 115 фоиздан 126 фоизгача ошган. Марказий банк баҳолашича, харид қобилиятининг яхшилангани 2025 йилда шахсий уй-жойга эга бўлмаган уй хўжаликлари сони 2024 йилга нисбатан 34,7 мингтага камайишида ҳам ўз аксини топган.

Image

Шу билан бирга, регулятор уй-жой бозорида талабни фақат даромадлар ва ипотека имкониятлари билан изоҳлаб бўлмаслигини таъкидлайди. Демографик ўсиш, янги оилалар сонининг ортиши ҳамда уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги кўчмас мулк бозорини қўллаб-қувватлаётган асосий омиллар бўлиб қолмоқда. Шу сабабли нархлар ўсиши секинлашганига қарамай, бозорда талаб юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид