Жаҳон | 07:45 / 13.05.2020
10659
2 дақиқада ўқилади

АҚШ конгрессига Хитойга коронавирус сабабли санкциялар қўллаш ҳақидаги қонун лойиҳаси киритилди

Республикачи сенатор Линдси Грэм АҚШ конгрессига Хитойга нисбатан коронавирус билан боғлиқ санциялар киритиш имконияти кўзда тутилган қонун лойиҳасини киритди. 

Фото: Yuri Gripas / Reuters

Санкциялар Пекин ҳамкорлик қилишдан ва коронавирус авж олишига олиб келган ҳодисалар ҳақида тўлиқ ҳисобот беришдан бош тортса қўлланиши мумкин. Бу ҳақда Грэм матбуот хизмати хабар берди.  

“Ишончим комилки, агар Хитой коммунистик партияси ёлғони бўлмаганда, бу ерда, АҚШда вирус бўлмас эди”, деб айтган сенатор. “Хитой тергов ўтказиш учун Уҳандаги лабораторияга халқаро экспертларни киритишдан бош тортмоқда. Ишончим комилки, Хитой мажбурланмагунча жиддий тергов билан ҳамкорлик қилмайди. Бу қонун лойиҳаси билан Хитой ҳамкорлик қилмагунча санкциялар киритилаверади”, деб қўшимча қилган Грэм.

Қонун лойиҳасига кўра, Оқ уй маъмурияти раҳбари 60 кун ичида конгрессга Хитой АҚШ, унинг иттифоқдошлари ёки БМТ тузилмалари олиб борган тадқиқотга тўлиқ ҳисобот берганини тасдиқлаши лозим. Бундан ташқари, Грэм Хитойдан вирус ҳайвондан одамга ўтиши мумкин бўлган барча денгиз маҳсулотлари бозорларини ёпишни ва Ҳонгконгда пандемия бошлангандан бери қўлга олинган намойишчиларни озод қилишни талаб қилган. “Булар тасдиқланмаса, президент активларни музлатиш, мамлакатга киришни тақиқлаш, визаларни бекор қилиш, АҚШ молия институтларига Хитой корхоналарига кредитлар бериш ва уларни суғурталашни тақиқлаш, Хитой компанияларига ўз қимматбаҳо қоғозларини АҚШ биржаларида жойлаштиришни тақиқлаш каби турли санкциялар киритиш ҳуқуқига эга бўлади”, деб таъкидлаб ўтган сенатор. 

Вашингтон Хитойни вирус келиб чиқиши ва эпидемия кўлами ҳақидаги маълумотларни яширишда айблаб келмоқда. Ўз навбатида, Хитой коронавирус ҳақида ҳеч қандай маълумотни яширмаганини таъкидламоқда ва “баъзи сиёсатчиларнинг вирус билан боғлиқ вазиятдан Хитойни ёмонотлиқ қилиш учун фойдаланаётганидан” афсусланиш билдирмоқда. 

Мавзуга оид