Ўзбекистон | 19:19 / 13.05.2020
6226
2 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ: «Сардоба» тошқинида зарар кўрган ҳудудлар босқичма-босқич электр таъминотига қайта уланмоқда

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

«Сардоба» сув омборидаги аянчли воқеаларга қарийб 14 кун бўлади. Шу вақт орасида сирдарёликларга талафот оқибатларини бартараф этиш учун ёрдамга етиб келган қатор ташкилот ва корхоналар ишчи-ходимлари томонидан реконструкция ва модернизация ишлари уюшқоқлик билан олиб борилиши натижасида ҳудуд инфратузилмаси аста-секинлик билан тикланмоқда.  

Энергетикларимиз шижоати бу борада алоҳида таҳсинга лойиқ. Ахир маҳаллий иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий объектлар ишлаши, аҳолининг аввалги турмуш тарзига қайтиши учун электр энергияси таъминоти жуда муҳимдир.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан олиб борилган тезкор чоралар вилоятнинг тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги жиддий зарар кўрган маҳаллаларида электр энергиясида вужудга келган узилишларни қисқа муддатларда тиклашга имкон бермоқда.

Айни пайтда Фарғона, Наманган, Андижон ва бошқа вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ходимлари бу борадаги ишларга жалб этилган.

Бу борадаги ишлар учун 51 та таъмирлаш бригадасидан 300 га яқин малакали соҳа ходими, 32 та махсус ва 60 та хизмат автомашинаси жалб қилиниб, ҳозиргача 2 та нимстанция, 86 та трансформатор пункти ва 262,3 километр электр узатиш тармоқлари, 4 минг 768 та электр устуни ўрнатиш ишлари якунланди.

Бу каби амалий ишлар натижасида талафот кўрган 12 та аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди. Айни пайтда электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

 

Мавзуга оид