Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёда ядро қуролига харажатлар совуқ уруш давридан бери рекорд даражага етди
Ядро қуролини бекор қилиш халқаро кампанияси (International Campaign to Abolish Nuclear Weapons) маърузасига кўра, 2019 йилда дунёда ядро қуролини ривожлантиришга қилинган харажатлар совуқ уруш вақтидан бери рекорд қийматни ташкил қилди.
Ядро қуролига эга 9 давлат - ядро клубининг бешта расмий аъзоси – АҚШ, Россия, Франция, Британия, Хитой ҳамда 4 та норасмий аъзоси - Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея ўтган йил бу мақсадда 73 млрд доллар сарфлаган. Бу қиймат 2018 йилдагига нисбатан 10 фоиз ёки 7,1 млрд долларга кўпроқни ташкил қилган.
Ядро қуролига харажатлар борасида 35,4 млрд доллар билан 1-ўринни АҚШ эгаллаган. Таъкидлаш жоиз, АҚШнинг бу мақсаддаги харажатлари қолган 8 та давлатнинг умумий харажатларига тенг бўлган. Бу қиймат АҚШнинг 2019 йилдаги барча ҳарбий харажатларининг деярли 5 фоизини ташкил қилади.
2-ўринни 10,4 млрд доллар билан Хитой, 3-ўринни 8,9 млрд доллар билан Британия, 4-ўринни 8,5 млрд доллар билан Россия ва 5-ўринни 4,8 млрд доллар билан Франция эгаллаган.
Ядро клубининг норасмий аъзолари ўз ядро қуролини ривожлантиришга анча камроқ маблағ сарфлаган. Жумладан, Ҳиндистон 2,3 млрд доллар, Покистон ва Исроил 1 млрд доллардан ва Шимолий Корея 620 млн доллар сарфлаган.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда бутун дунёда 13 мингдан кўпроқ ядровий жанговар заряд мавжуд бўлиб, улардан 90 фоиздан кўпроғи АҚШ ва Россияда мужассамлашган. Айни вақтда Россия ва АҚШ ёйган ядро жанговар каллаклари икки давлат томонидан 2010 йилда имзоланган ва 2021 йил февралда муддати якунланувчи СНВ-3 келишуви билан чекланган.