Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада сайт ходимига уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Фарғона вилоятининг Қува туманида Effect.uz сайти оператори ҳужумга учраган. Маълумотга кўра, операторнинг кўзларига газ сепилиб, машинасининг ойналарини синдирилган, операторнинг видеокамераси олиб қочилган. Бош прокуратура ушбу иш бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди. Тўрт киши гумонланувчи сифатида қўлга олинган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона вилоятининг Қува туманида Effect.uz интернет нашри ходимига уюштирилган ҳужум юзасидан жиноий иш очилгани тўғрисида маълумот берди.
Сайт таҳририяти томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, 13 май куни тахминан соат 19:00да видеооператор Ғиёсбек Эшов ҳужумга учраган.
Нашр мухбири Элёр Тожибоевнинг маълум қилишича, ҳолат Қува тумани ҳокимлигида фуқаронинг мурожаати ўрганилгандан сўнг содир бўлган. Унинг айтишича, ҳокимият биносидан чиқилгач, мухбир мурожаатчи билан бирга йўлга чиқади. Улар билан бирга бўлган оператор Ғиёсбек Эшов ўз машинасида олдинлаб кетгандан бир оз вақт ўтиб, қўғироқ қилади ва унга йўлда ҳужум бўлганлигини айтади.
«Номаълум кимсалар операторнинг кўзларига газ сепиб, машинасининг ойналарини синдириб юборишган экан. Устига-устак, улар таҳририят мулки бўлган операторнинг видеокамерасини олиб қочиб кетишган. Аммо улар ўзига тегишли бўлган ҳужжатларини унутиб қолдиришган, биз ушбу кимсаларни ҳужжатлари орқали топишга эришдик ва айни вақтда Қува тумани тезкор ходимларига бўлган воқеа ҳақида айтиб бердик», дейди Элёр Тожибоев.
Мухбирнинг айтишича, ҳозирда ушбу ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан керакли ёрдамлар берилмоқда.
«Операторимизни шифохонага олиб кетишди, унинг кўзлари ҳозирда яхши кўрмаяпти. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилмоқда. Бизга ҳужум қилган шахслар Қува туман ҳокимлиги томонидан ёлланган бўлиши ҳам мумкин», дея таъкидлайди мухбир.
Вазият юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов расмий муносабат билдирган.
«Effect.uz сайтининг ходими Фарғона вилоятининг Қува туманида номаълум шахслар томонидан ҳужумга учрагани ҳолати юзасидан туман ИИБ ва прокуратураси билан ҳамкорликда терговолди текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган. Текшириш натижалари ҳақида қўшимча хабар берилади», дейилади баёнотда.
Мавзуга оид
08:24 / 04.06.2026
Фарғонада мембранали сув ҳавзасида бир киши чўкиб кетди
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
08:24 / 20.05.2026
Фарғона ва Наманганда йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди
11:41 / 19.05.2026