Жамият | 23:00 / 14.05.2020
14292
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 11 нафар маҳкум ва маҳкума муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод қилинди

14 май куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 11 нафар маҳкум ва маҳкумалар шартли равишда муддатидан олдин жазодан озод этилди.

Жиноят кодексининг 73-моддаси тегишли бандларига асосан, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида жами 11 нафар маҳкум ва маҳкума шартли равишда жазодан озод этилди.

Бунда уларнинг жазони ўташ даврида ўзини яхши томондан кўрсатгани, қонун-қоидаларга амал қилгани асос бўлиб хизмат қилди.

Жазодан озод этилишига 2 йил 5 ой 10 кун қолган маҳкума қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини таъкидлайди.

«Йигитлар билан урушганмиз. Менга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлашган. 2,5 йил жазони ўтадим. Қолган 2,5 йилини муддатидан олдин шартли равишда озод қилишяпти.

Берилган жазони тўғри ўтадим, қоидабузарлик қилмадим. Хулқимга қараб кечиришди. Энди уйда фарзандим тарбияси билан шуғулланаман.

Бошқа бундай жиноят ишларига қўл урмасликка қарор қилдим. Ўзимга тўғри хулоса чиқардим», дейди у.

Маҳкумларнинг барчаси пробация гуруҳида турган. Шартли равишда жазодан озод этилганлар рўйхати Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати томонидан шакллантирилган.

«Маҳкумлар содир этган жиноятининг оғирлик даражасига қараб тоифалар бўйича ўтаган муддатлари ҳисобланади ва яхши тавсифланган, жиноий қилмишини тўлиқ англаб етган маҳкумларга нисбатан туман судларига тақдимномалар киритилади.

2020 йилнинг 5 ойи давомида 55 нафар маҳкумлар судлар томонидан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди» – дейди Мирзо Улуғбек тумани Пробация гуруҳи муҳим топшириқлар бўйича инспектори Элдор Нурматов.

Мавзуга оид